Янгиликлар 1913
Туғуруқ комплексидаги муаммолар доимий комиссия йиғилишида кўрилди
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибиятида “Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича” доимий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан вилоятимиздаги ҳомиладор, туғадиган ва янги туғуруқни бошдан кечирган ҳамда янги туғилган чақалоқларга кўрсатилаётган перинатал ёрдамнинг сифатини ошириш мақсадида Фарғона вилоят перинатал маркази ҳамда Марғилон шаҳар туғуруқ комплексида ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама марказида бўлди.
Ўрганиш натижалари бўйича мазкур комиссия раиси Дилафруз Қосимова маълумот берди. Таъкидланганидек, Фарғона вилояти туғуруқ уйи – перинатал маркази 220 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда муассасада ўртача 250 та бемор даволанади, вилоят перинатал марказида ҳомиладор, туғуруқ жараёнидаги ҳамда туғуруқдан кейин аёлларга ва чақалоқларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ҳудудийлаштириш тамойилига амал қилиниб, вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ҳомиладорлиги, туғуруқ жараёни асоратланган беморлар ва чақалоқларга ёрдам кўрсатилиши ва бу борада қилинаётган ишлар йилдан йилга ошиб бормоқда.
Муддатидан олдин туғилган чақалоқлар ва бемор чақалоқлар сони кундан кунга ошиб бормоқда, уларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам кўлами ҳам ортган. Кам вазнли чақалоқларни “Чақалоқлар реанимация бўлими”да ўртача даволаниши 7-8 кунни ташкил этади, сўнг бу чақалоқларни парваришлаш ва даволаш мақсадида “Чақалоқлар хасталиги бўлими”га ўтказилади. Чақалоқлар реанимацияси бўлимида даволанаётган бемор чақалоқлар ва уларнинг оналарини жойлаштириш, неонатал жиҳозлардан самарали фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси ССВнинг СанМҚ-0304-17 талабларига кўра бўлим майдони етарли эмаслиги комиссия йиғилишида депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, перинатал марказ штат меъёрлари бўйича тўлиқ штат бирликлари билан таъминланмаган, натижада, тиббий ходимларга юкламалар ортиб кетган, бу ҳам иш сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Марказда беморларни даволаш учун жиҳозлар, уларни жойлаштириш ва фойдаланиш учун шароит етарли эмаслиги ўрганиш жараёнида маълум бўлди.
Шунингдек, марказда кислород подстанцияси замон талабларига жавоб бермайди, марказдаги нафас аппаратларини узлуксиз ишини таъминлаш учун катта қувватга эга кислород ишлаб чиқарувчи концентратор керак.
Асосий бино охирги маротаба 2005-2006 йилларда мукаммал тамирлашдан ўтган бўлиб, лекин ҳозирги кунда ертўла ва чордоқлар ҳам муккамал таъмирланиши лозим.
Йиғилишда шунингдек, Марғилон шаҳар туғуруқ комплексидаги ўрганишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Ушбу комплекс 116 ўринга мўлжалланган.
Шифохона туғуруқ бўлимлари мослаштирилган бинода жойлашган, гинекологик ва ҳомиладор аёллар хасталиги билан даволанадиган беморлар реанимация ва туғруқ бўлимларига ўтиш йўлаги бўлмаганлиги сабабли ташқаридан ўтказилади.
Марғилон шаҳар туғуруқ комплекси II босқич перинатал марказ мақомида ўзига бириктирилган қўшимча 5 та Риштон, Олтиариқ, Ёзёвон, Қўштепа, Тошлоқ туманларига II босқич кўламли тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
116 ўринга мўлжалланган комплексга “Перинатал марказ” мақоми берилмаган бўлса-да, бир йилда 4000 ўрнига, 5800-6000 дан юқори туғруқни қабул қилмоқда. Чақалоқлар учун реанимация ва II – босқич чақалоқлар парвариш бўлимлари йўқ.
Шунингдек, рентгенолог, окулист, кардиолог мутахассилари учун штат бирликлари ажратилмаган. Қабулхонада туну кун навбатчи акушер гинеколог, автоклав учун туну кун хизмат кўрсатилса-да, ҳамшира ҳамда кичик тиббий ходимларига етарли штат бирлиги ажратилмаган.
Йиғилишда муҳокамада бўлган ҳар иккила объектдаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришга келишиб олинди. Зеро, бу тиббиёт масканларининг замон талаблари асосида ишлаши эртанги баркамол авлоднинг камол топишига пухта замин яратади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг