Янгиликлар 3268
Тупроқни даромад манбаига айлантириш мумкин
Қадимдан доноларимиз заминни онага, ерни бебаҳо хазинага ўхшатишади. Бу, бежиз эмас, албатта. Чунки деҳқончилик илмини пухта эгаллаган ҳар бир киши ўзининг меҳнати билан тупроқни тўкинчилик ва таъбир жоиз бўлса, даромад манбаига ҳам айлантириши ҳеч гап эмас. Шу фикрнинг тасдиғини туманимиздаги кўплаб оилалар мисолида кўриш мумкин.
Мен ўзим ҳам қишлоқда туғилиб ўсганман. Болалигимда катталарга ёрдамлашиб, томорқада меҳнат қилишни ўрганганман. Ҳозир ҳам рўзғор учун зарур кўп нарсаларни бозордан сотиб олмаймиз, ҳовлимизда ўзимиз етиштирамиз. Бу, албатта, оила бюджетига ҳам беминнат кўмак. Сабзи, пиёз, картошка, кўкатлар, маккажўхоридан ҳар йили яхши ҳосил оламиз.
Бу йил ҳам шундай бўлди. Сепилган уруғлар униб чиқди. Помидор ва булғор қалампири, карам кўчатлари баравж ўсмоқда. Энди уларни парвариш қилиш, ўғитлаш, суғориш лозим. Агар ҳамма нарса вақтида бажарилса, ҳосил чўғи баланд бўлади.
Яқинда Президентимиз томонидан ўтказилган коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишини телевизор орқали кўрдим. Унда юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлиги яна бир бор таъкидланди. Айниқса, аҳолининг томорқа майдонларида ҳам бу борада кўп иш қилиш мумкинлги тўғрисидаги фикрлар қайта-қайта такрорланди. Биз ҳам уларни якдиллик билан қўллаб-қувватладик.
Хусусан, бутун дунё бўйлаб коронавирус пандемияси кенг тарқалган шароитда аҳолини озиқ-овқат маҳсулоти билан етарли даражада таъминлаш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Аммо орамизда шундай одамлар ҳам борки, улар тайёр ердан унумли фойдаланмайдилар, ҳеч қандай экин экмасдан ташлаб қўядилар. Бу билан нафақат ўзларининг, балки бутун халқнинг ризқини қиядилар. Шундайлар ўзларининг фуқаролик бурчларини ҳам тушунмайдилар, деб ўйлайман.
Чунки биздагидай унумдор замин ҳеч қаерда йўқ. Ҳар йили ердан икки, ҳатто уч марта ҳосил олиш мумкин. Даромад ҳам ёмон бўлмайди. Фақат тайёр имкониятлардан унумли фойдаланиш лозим. Шунинг учун биз ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаган, қаровсиз ташлаб қўйганларга чора кўриш кераклиги ҳақидаги фикрларга қўшиламиз. Ахир, шу жамиятда яшагач, унинг иссиқ-совуғига чидаш, машаққатларни биргаликда енгишга ҳаракат қилиш керак-да!
Зоҳидахон ҲАЙИТОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Косонсой туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг