Янгиликлар 917
Туркий цивилизациянинг янги даври
Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти саммити катта мувафаққият билан якун топди. Саммитда Туркия Республикасининг Ташкилотга раислиги ўз якунига етди ва бу вазифа Ўзбекистон Республикасига ўтди. Мамлакатимизнинг раислиги то 2023 йил ноябрга қадар давом этади. Шундан сўнг раислик Қозоғистон Республикасига ўтади. Ташкилотнинг навбатдаги саммити 2023 йилда ушбу мамлакатда ўтказилади.
Самарқанд саммитида Ўзбекистон етакчиси туркий дунёни янада яқинлаштириш ва улкан салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, “яшил” иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш орқали савдо-иқтисодий алоқалар асосларини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Мамлакатимиз раҳбари Ёшлар соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратиб, келаси йил Туркий давлатлар ёшларининг фан ва инновациялар бўйича халқаро конгрессини ўтказишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, ташкилотнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласини олға суриб, хавфсизлик, савдо, инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм, фан ва технология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда янги тузилмалар ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, аъзо давлатлар Ўзбекистон Президентининг келаётган 2023 йилни Туркий цивилизациянинг юксалиши йили, деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.
Саммит якунида ТДТ давлат раҳбарлари ўндан ортиқ муҳим ҳужжатларни имзоладилар. Улар орасида айниқса, Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Стратегиясини қабул қилиш тўғрисидаги, Туркий инвестицион Фондни тузиш тўғрисидаги қарорлар айниқса, Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити декларацияси алоҳида аҳамият касб этади.
Умуман, замонавий халқаро муносабатларда кузатилаётган ўта мураккаб шароитда ТДТдек муҳим платформа тараққиётга ва ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилаётган давлатлар учун айни муддаодир. У қардош ва қондош туркий халқларни бир-бирига янада яқинлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Фикримча, Туркий давлатлар ташкилотининг истиқболи порлоқ ва барқарордир. Ташкилот Марказий Осиё, Кичик Осиё ва Каспий денгизи ҳавзаси минтақасида кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмларидан бирига айланиши учун барча асослар мавжуд.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг