Янгиликлар 3724
Туркровотдаги янги чекларга электр тармоғи тортиладими?
Қува туманидаги Туркровот маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли мурожаатларини ўрганишга қаратилган “Адолат қабулхонаси” ташкил этилди. Мазкур мулоқотда Туркравот МФЙ раиси И.Исанов, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раис ўринбосарлари – К.Исраилова, А.Умаровлар Қува электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси А.Акбаров, вилоят автойўл “Минтақавий йўлларга буюртма хизмати” ДУК мутахассиси А.Абдулҳамидовлар қишлоқдаги 20 та хонадон вакилларининг турли соҳаларда мурожаатларини ўргандилар.
Юқори Хўжа Хасан маҳалласидаги Тайд кўчаси аҳолиси электр қуввати пастлиги, кўчага янги электр симёғочлари, трансформатор зарурлиги, янги маҳаллаларда эса ички кўчаларни асфальтлаштириш кераклиги юзасидан мурожаат қилдилар. Кўчалар ҳашар йўли билан маҳалла фаоллари томонидан шағаллаштирилган. Навбатдаги вазифа - ички кўчаларни асфальтлаштиришни туман дастурига киритиш. Бу масала йўл қурилиши бўйича мутасаддиларга вазифа қилиб қўйилди.
-Қишлоғимизда ҳақиқатан ҳам айрим муаммолар мавжуд, – дейди Туркравот МФЙ раиси Илҳом Исанов. – Тегишли ташкилотларга мурожаат қилганимиздан кейин маҳалла ҳудудига жами 53 та, шундан 32 таси 9,5 метрлик, 21 таси 11,5 метрлик таянч симёғочлар ўрнатилди. Жами 1100 метр шундан 400 метри 10 кВ, 700 метри эса 0,4 кВли кабель тармоғи тортилди. Бу тармоқ янги ўрнатилган 100/кВА кучланишли янги трансфарматорга уланди. Ушбу амалга оширилган ишлар фуқароларнинг мурожаатлари асосида туман электр тармоқлари корхонаси томонидан бажарилди. Қишлоқнинг чекка қисмидаги янги чекларда яшовчи хонадонлар ушбу янги ўрнатилган ТПга уланишни истамоқдалар. Чунки улар қўшни Чилон маҳалласидан тортилган тармоқдан фойдаланишади. Уларнинг мурожаат қилишларига сабаб Чилон маҳалласида аҳоли сонининг кўплиги, тармоқнинг эскилиги, қолаверса, ТПдан олисда жойлашганлиги ва энг сўнгги истеъмолчилар бўлганликлари учун электр таъминотида узилишлар юзага келиб, эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Суҳбат жараёнида Қува тумани электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси Абдулла Акбаров ушбу ҳудуддаги 20 дан ортиқ янги чек аҳолисини яқинда янги қурилган тармоққа улаш орқали муаммони ҳал қилиб беришга ваъда берди.
“Адолат қабулхонаси” томонидан жараён назоратга олинди. Фуқаролар томонидан билдирилган муаммолар ва таклифлар жойида ўрганилиб, зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Камола ПОЛВОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби.
Бунёджон АҲМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Фикрингизни қолдиринг