У С Т О З Г А   Ҳ А Й К А Л ...

30.09.2021 18:09:51

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтини (ТИИИМСХ) 1973 йил тамомлагач, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Давлат қишлоқ хўжалиги техникаси назорати бошқармасида ишлаб, бир вақтни ўзида ёшлар етакчиси ҳам бўлиб, фаолият юритаётган пайтим эди.      Мени кунлардан бирида, вазирлик партия ташкилоти котиби Асом ака чақириб, Камалжон касаба уюшмаларига ишга ўтасизми? деб сўраб қолди. Мен ўйлаб кўриб, унга касбимни инженерликни ёқтиришимни, бу соҳани ҳақида яхши тассавурга эга эмаслигимни билдириб, ўтмайман деб жавоб қилдим. У майли, ўзингиз биласиз, деди. Лекин бир ҳафта ҳам ўтмади. Мени у яна ўзига чақирди, кирсам, кабинетида у билан бир киши ўтирибди. У менга бу киши Турғун Ражабов, Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси раиси деб таништирди. У киши менга юзланиб, бизга касаба уюшмасига ишга таклиф этсам ўтасизми? - деди.

Мен шоша-пиша, ўтмайман дедим. У нима сабабдан? - деди. Мен сабабларини санаб кетдим. Менинг касбим эмас, соҳани билмайман, мен касбимни яхши кўраман, инженерман, партия аъзолигига номзодман (чунки, у пайтларда КПСС аъзоси бўлмасангиз, лавозимларга кўтарила олмасдингиз) аъзо бўлишим керак, доимий яшаш учун квартира олишга навбатим яқин, шулар сабабли - дедим.

"Чепуха" - деди, у русчалаб. Сиз қишлоқ хўжалигидан узоқ кетмайсиз, касаба уюшмамиз қишлоқ хўжалиги ходимлариники, касбингизга яқин, партия сафига бизни ташкилотда ўтасиз, квартирани вазирликнинг ўзидан берилишига ёрдам қиламиз. Хўш яна қандай муаммо бор, қанча маош оласиз? деб сўради.  Мен 150 сўм маош олишимни айтдим, у бизда 250 сўм маош оласиз деди. Алоҳида иш кабинети борми? - деди, мен 4 кишилик хонада ўтириб ишлашимни айтдим. Сизга алоҳида иш кабинети, котиба ҳам хизмат қилади, машинангиз борми? Сизни хизмат машинаси олиб юради деди. Яна нима дейсиз деди ва жавобимни кутмасдан, парткомга юзланиб, бўлди, ҳозир вазирга кириб, розилигини оламиз, бизда ишлайсиз деб, гапни чўрт кесди.

Мен ноилож, ҳар иккисининг ортидан вазиримиз Абдукарим Ўркинбоев қабулига кириб бордим. Вазиримиз Т.Раджабовни илтимосини эшитиб, бизнинг йигитларимиз ўсаётган экан нега розилик бермаймиз, берамиз деб "оқ фотиҳа" берди.

Эртаси куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари уюшмаси вилоят қўмитасининг ташкилий Пленуми бўлиб, фаоллар мени вилоят қўмитаси котиби (унинг биринчи ўринбосари) этиб, сайлашди.

Кейин билсам, Тургун Раджабов 7 ноябрь 1923 йилда Фаргона вилоятини Оқтом кишлоғида туғилган. Мактаб тугатгач, армия сафига бориш учун ўз ҳоҳишларини билдирган. Бу Улуг Ватан уруш йилларга тўғри кетгач, артиллерия қўшини сафида бўлиб, 1942 йили кўзида қаттиқ яраланиб контузия бўлган. Госпиталда даволангач, уларни аскарларни ўқитиш учун олиб қолишган, Ўқув автомат ротасининг страшинаси бўлиб хизмат қилган. Ҳамма 1945 йилда урушдан кайта бошлаган бўлса, у 1947 йилда  урушдан кайтган экан.

Кайтгач, Фарғона шаҳрида комсомолни биринчи котиби бўлиб, 1949 йилгача, шу даврнинг ҳукумат раҳбари Усмон  Юсуповни топшириғига биноан, уч эшелон одамлар билан Фарғона вилоятидан Мирзачўлни ўзлаштириб, Гулистонга айлантириш учун йул олишибди. 1949-1957йилгача Сирдарё вилоятининг Верхне-Волынск туманида комсомол ва партиянинг  биринчи котиби бўлиб ишлабди. 1957-58 йиллар Чиноз тумани биринчи котиби ва 1959-70 йилларда Бўка тумани партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб фаолият юритибди.

У урушдаги жасорати учун "Қизил байроқ", "Шуҳрат" орденлари ва бошқа медаллар билан тақдирланган экан. Эсимда, костюмининг елкасидан, то этагигача жасоратлари учун орден ва медаллари кўксини тўлдириб турар эди. Кўплиги ва оғирлигидан фақат байрам кунлари шу костюмини кияр эди, бошқа вақт планкаларини тақиб юрар эди. Унинг меҳнат фаолиятининг кўп қисми Бўка тумани билан билан боғлиқ. 1959-1970 йилларда, туман партия ташкилотининг биринчи котиби бўлиб, чўл-даштдан иборат бўлган Бўка туман худудини ўзлаштиришда, ободонлаштириш, пахта етиштиришда вилоятнинг энг йирик туманига айлантиришда жонбозлик билан етакчилик қилган ва Бўка халқининг фаровонлиги йўлидаги хизматлари учун уларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлган, вилоятдакатта шуҳрат қозонган эканлар. Мени шундай инсон шогирдликка танлаган экан.

У менга берган ҳамма ваъдаларини айтганларидек, ташкил этиб берди. Худди ҳикматларда айтилганидек, "Инсонга Аллоҳнинг буюк иноятларидан бири, унинг улуғ, қудратли инсонлар билан дўстлиги. Мана шу яқинлик барча ҳоҳиш ва барча истакларини амалга ошувида асос бўлади!" бу ҳикматда ифодаланганидек, уни ҳаётимнинг мазмунига айлантиришга аҳд қилдим. Шундай менга ишонч билдирар эканлар, мен билан бир сафда туриб, мақсадларимни амалга оширишимда менга елкадош бўлган, ўз хизматини аямаган инсонларни, ким менинг камолимга ҳисса қўшган бўлса, бир умр уларга қўлимдан келган яхшиликларни қилишга ва доимо ёдда тутишга этишга ҳаракат қилиб яшашга интилиб келмоқдаман.

Мен унинг ўринбосари лавозимида 1979 йилдан 1984 йилгача бирга ишладим. Ундан касаба уюшмалари фаолиятига оид барча вазифаларни бажариш, раҳбарлик қилиш услубларини ўрганиб, мустақил   жамоатчилик билан ишлашни ўрганиб олдим. Айниқса, унинг бошқарув ва ҳаёт мактаби мен учун келгуси фаолиятимда мустақил раҳбарлик қилишга намуна бўлди.

1985 йил Турғун ака пенсия чиқди, унинг тавсиясига кўра, мени вилоят қўмита аъзолари вилоят қишлоқ хўжалиги касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайладилар. Унинг ҳаётини охиригача, мен маслаҳатларини олиб, ҳол-аҳволидан хабар олиб турдим. 1989 йил оғир касалликдан сўнг у вафот этди.

Маълумки, мамлакатимизда Мустақиллик йилларининг бошида, худудларни, жамоа ва давлат хўжаликларини номлари атамалари ўзгартирила бошланди. Менинг ташаббусим ва Бўкалик бир гуруҳ Турғун акани фаолиятини яхши билган туман фаолларининг, Улуғ Ватан урушидаги жасоратлари, Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоятлари, шу жумладан, Бўка тумани тараққиётидаги бош-қош бўлиб, халқ фаровонлиги йўлидаги хизматларини инобатга  олинишини, унинг номини абадийлаштириш таклифини туман, вилоят  хокимликларига киритдик. Улар ўз навбатида юқори ташкилотлар билан келишиб, туманда жамоа хўжаликларидан бирига Турғун Раджабов номини бериш бўйича қарор қабул қилинди.  Бундан руҳланган вилоят касаба уюшмамиз қўмитаси, шу йилда мамлакатда биринчи бор нишонланган "Наврўз" байрамини Турғун Раджабов жамоа хўжалиги худуди аҳолиси билан бирга ўтказди. Унда хўжаликда эҳтиёж катта бўлган ҳаммом биносини қуриб  беришни зиммамизга олдик. Ҳашар йўли билан жамоа худудида ҳаммом қурилиб, тантанали  топширилди.  Вилоятдаги барча тормоқ касаба уюшмалари билан хашар ташкил қилиб, боғ яратиш учун кўчатлар экиб бердик. Унинг учун бўкаликлар,  вилоят касаба уюшмасининг ташкилотларидаги фаолларимиз,  қориндош-уруғлари маблағини жамлаб, Тошкентда хайкалтарошлик комбинатида  унинг бюстини тайёрлатдик. Ҳайкалтарош уни айнан ўзига ўхшатиб ясади, уни қишлоқ марказига ўрнатиб, атрофини ободонлаштирдик.

Мана 1990 йилдан буён Бўкаликлар, унинг шогирдлари қалбида абадий сақланиб қолаётган Турғун Раджабовнинг эъзозланиб ўрнатилган, Бўка шаҳридан 5-6 км масофада, Оққўрғон туманига ўтиш йўлидаги, “Рамодон ҚФЙ худудида бронза бюсти Турғун Раджабов номли худудда салобат тўкиб турибди. Уни Турғун Раджабовни “Рамодон” МФЙ раиси Қундузхон бош маҳалла аҳли ардоқлаб, бюстини атрофини ободонлаштириб, маҳалла биносида унинг фаолиятини акс эттирувчи ва уруш ҳамда меҳнат шуҳратлари учун унга берилган мукофотларидан медаль ва орденларидан бурчак ташкил этиб эъзозлаб қўйган. Мен Турғун ака билан бир қаторида, бошқа Республика, вилоят касаба уюшмаларидаги устозларимиз Наима Маҳмудова, Тўлқин Сабитов,  Ҳулкар Жамолов, Анатолий Браилов, Асепков каби касаба уюшмаси раҳбарларини доимо фахр билан эслайман. Уларни унутмаймиз, доимо қалбимизда сақланиб қолади. Ҳалима Алимова, Дилбар Ғуломова, Дилбар Жаҳонгирова, Қудрат Рафиқовларга ҳам алоҳида устоз деб, ҳурмат билан қарайман, улар билан ҳам ёнма-ён ишладим. Уларнинг ҳаммаси ҳам вилоятимиз меҳнат аҳли,  қўмитамиз ва шахсан менинг фаолиятимга ўзларингиз ижобий таъсирини ўтказган, ёдимиздан чиқмайдиган қатор амалий ёрдамларини аямаган. Бу кишилар ҳам менинг касаба уюшмасида ишлаганимдаги устозларим эди. Мен иш фаолиятимнинг 8 йилдан кўпини Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашида давом эттирдим. Бу даргоҳда ҳам менга устозлик қилганларни эслаб турмай бўлмайди. Менга қадар, Тошкент вилояти Кенгаши раиси Турғун Эргашев, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Дилором Тошмуҳаммедова ҳам мени номзодимни Ўзбекистон “Адолат СДПнинг Тошкент вилояти Кенгашига раис этиб тавсия этдилар. Спикер ўринбосарлари, партиямизнинг Сиёсий Кенгаши раиси бўлиб фаолият юритган Исмоил Саифназаров, Наримон Умаровларни ҳурмат билан хотирлайман. Сизларни ҳамиша ҳурмат ва эътиборда эъзозлаймиз.

Дедилар: дунёда асли ким азиз?
Айтдилар: устоздир, устоз бегумон.
Тағин айтдиларки: азиз шубҳасиз
Устоз қадрига етолган инсон.

Мана ҳозир менга ҳам “устоз” деб мурожаат қиладиган шогирдларим кўп, бу сўз менга берилган унвондай эшитилади, мен ниҳоят руҳланиб, таъсирланиб кетаман. Демак, менинг ҳам фаолиятимдаги қайсидир сифатимни шогирдим қадрлайди, эъзозлайди,

Устоз ва мураббийлар” кунида, устозларимни самимий муборакбод этаман. Сизларга бошим ерга теккунча ҳар доим таъзимдаман.  Бахтимизга доим соғ бўлинг, азиз устозлар!

КАМОЛЖОН Шадиметов,    

и.ф.н. Халқаро экология, инсон ва табиат хавфсизлиги

 фанлари Академияси ҳақиқий аъзоси, академик,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими,

 Ўзбекистон "Адолат" СДП Фахрийлар Кенгаши раиси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+