Янгиликлар 2553
Учинчи Ренессанс -Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашида давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллик тантанасидаги маърузасида белгиланган устувор вазифалар ижросидан келиб чиқиб Гулистон давлат университети билан ҳамкорликда ZOOM дастури орқали семинар ташкил этилди. Унда партиянинг Сирдарё вилоят Кенгаши ходимлари, туман-шаҳар Кенгаши раислари ва депутатлар иштирок этишди. Мавзуга оид маърузалар эса Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши депутати, ГулДУ Амалий математика ва ахборот технологиялари кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммад Ниёзов томонидан қатнашчиларга тақдим этилди. Унда асосий эътибор ренессанс атамасининг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаб олишга қаратилди.
Муҳаммад Ниёзов ҳам ёш мутахассислардан бири сифатида Юртбошимиз таъкидлаганларидек мамлакатимиздаги ривожланишлар босқичида нафақат кузатувчи, балки иштирокчи ҳам бўлди. Бугун у етакчилик қилаётган ёш дастурчилар гуруҳи томонидан Сирдарё вилоятида ташкил қилинган IT PARKда бир қанча янги технологиялар ишлаб чиқилиб, амалда синовдан ўтмоқда.
Семинар мобайнида бугунги кунда олий таълим тизимида маърузалар ёзишдан бутунлай воз кечилган ҳолда амалий машғулотларга эътибор қаратилаётгани ва бу жараёнда онлайн таълим шаклининг қўл келаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди.
Масофавий тарзда ўтказилган семинарда иштирок этган таълим тизими вакиллари томонидан партиянинг ҳудудий Кенгашлари ва депутатлари билан ўзаро ҳамкорлик масаласига ҳам урғу берилди.
Партиямиз сайловолди дастурида илгари сурилган “Биз квоталарсиз олий таълим тарафдоримиз!” ғоясига уйғунлашган бир қатор тадбирлар, акцияларни ташкил этиш орқали биз олий таълимдаги муаммолар ва ечимини кутаётган масалаларга биргаликда киришишимиз мумкин бўлади. Айниқса пандемия даврида партия томонидан таълимга оид доимий равишда асослантирилган таклифларнинг ҳукуматга берилаётгани “Адолат” СДПнинг бугунги кунда ўзининг сайловолди платформасидаги вазифаларига содиқ қолаётганини кўрсатиб бермоқда. Лекин афсуски бугунги ривожланишлар босқичида бундай таклифларни ҳукуматга тайёрлашда чуқурроқ ўрганишлар талаб этилади. Бунда эса таълим тизимининг барча босқичлари билан узвий ҳамкорлик яхши самара бериши изоҳлаб берилди.
Яъни, миллий ғоя жорий вазифаларни эмас, балки стратегик олий мақсадни ифодалайди. Шу маънода Учинчи Ренессанс ғояси истиқболга интилишга жуда мос келади. Мазкур ғоянинг сафарбарлик кучи, умуман, мафкуравий салоҳияти жуда юқори. Айни чоғда ўтмиш тарихимизнинг шонли саҳифалари, буюк аждодларимизнинг бунёдкорлик ва ижодкорлик салоҳияти билан боғланади. Бизга мазкур тушунча кимларнинг ворислари эканимизни эслатиб туради. Янги Ренессанс йўлида халқимиз турли майда, вақтинчалик масалаларга, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, айирмачилик, мафкуравий мутаассибликнинг ҳар хил кўринишларига чалғимаслиги керак. Тарих сабоқларини унутишга ҳаққимиз йўқ.
Учинчи Ренессанс ғояси миллий руҳиятимизга, халқимиз орзусига яқин. Зотан, халқ илгари оққан дарёси яна оқишини астойдил истайди. Худди тараққиёт зиналаридан юқорига бирма-бир кўтарилгани каби.
Сардор ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят
Кенгаши ижрочи котиби
Фикрингизни қолдиринг