Янгиликлар 1596
Учкўприкдаги мактаб ёзги таътил вақтида жорий таъмирланадиган бўлди
Kun.uz интернет нашрида «Ошхонанинг ярмини маънавият хонаси қилдик» — Учкўприкдаги абгор мактаб манзаралари номли танқидий мақола эълон қилинди. Унда Учкўприк тумани «Бобошбек» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 3-ўрта умумтаълим мактаби биносининг мукаммал таъмирга муҳтожлиги, мактабда спорт зали ва маънавият хонаси йўқлиги қайд этилган.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Учкўприк туман Кенгаши раиси Адинахон Ҳакимова мактаб директори Хошияхон Ортиқова билан учрашиб, суҳбатлашди. Мазкур мактаб биноси 1964 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. 640 ўринли мактабда айни вақтда 790 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Мактаб директорининг таъкидлашича, ҳозирда мактабда кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ўқув биносининг том қисми бузилиб янгилаш учун ҳаракат қилинмокда. Ошхона учун жиҳозлар олиб келинган.
Учкўприк тумани ҳокимлиги берган маълумотларга кўра, 2018 йилда мазкур мактаб биносининг бир корпусини жорий таъмирлашга смета асосида 22,5 миллион сўм маблағ ажратилган. 2019 йилда 30 миллион сўм маблағ эвазига бинонинг том қисми таъмирланган. 2020 йилда синф хоналари ҳомийлик асосида комплект парта-стуллар билан таъминланган. Шунингдек, қўшимча ошхонани таъмирлаш ишларига 19 миллион сўм сарфланган.
Бундан ташқари, мактаб биносини мукаммал таъмирлаш ва спорт зали қуриш масаласини давлат дастурига киритиш бўйича 2018 йилдан буён мунтазам таклиф бериб келинмоқда. 2020 йилда режалаштирилган жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари пандемия туфайли амалга оширилмаган.
Таъкидлаш жоизки, мактаб биносининг мукаммал таъмирлашга муҳтожлиги, спорт зали ва маъанавият хонаси қурилиши, иситиш тизими, таълим масканидаги бошқа шарт-шароитлар туман ҳокими томонидан бир неча маротаба манзилли ўрганилган. Ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни ҳал этиш, мактаб биносини жорий таъмирлаш ва иссиқлик тизимини янгилаш ишлари жорий йил ёзги таътил вақтида амалга оширилиши маълум қилинган. Бунинг учун смета асосида зарур маблағ ажратилган. Шунингдек, маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан қўшимча маблағлар шакллантирилган.
Туман ҳокимлиги томонидан мактаб биноси 2021 йил ёзги таътил вақтида жорий таъмирланиши, 2023 йилда эса давлат дастури асосида мукаммал таъмирланиб, спорт зали ва маънавият хонаси қурилиши маълум қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг