Учқўрғонда сомондан қоғоз ишлаб чиқарилмоқда

23.05.2020 10:05:38

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси шароитида карантин жорий этилган айни паллада иқтисодиётни ривожлантириш масалалари диққат марказида турибди. Масалан, Учқўрғон туманида ҳам янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга  алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки карантин бир куни якунланади, иқтисодиётни ривожлантириш эса доим кун тартибида туради. Биз  халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари бмлан бирга яқинда маҳсулот бера бошлаган “Uzbek China paper” масъулияти чекланган жамиятига қарашли корхона фаолияти билан танишдик. Очиғини айтганда, тадбиркор Зокиржон Баҳромов бошлаган иш барчамизни қойил қолдирди.

– Ўзим автотранспорт соҳаси бўйича муҳандис бўлсам-да,  қоғоз ишлаб чиқариш билан анчадан буён қизиқиб келардим, - дейди у. – Дастлаб соҳада қўлланиладиган технологияларни ўргандим, дунёда тўпланган тажрибаларни қўллаш йўлларини қидирдим. Лекин оз-моз қийналдим ҳам, чунки инглиз тилини билмасдим. Орада ўғлим Тоҳиржон Тошкентдаги халқаро дипломатия ва жаҳон тиллари институтини битириб, малакали мутахассис бўлиб етишди. У Хитой Халқ Республикасига бир неча марта бориб, шу соҳада иш юритадиган компаниялар билан музокаралар ўтказди.

Ниҳоят, шартномалар имзолангач, икки йил илгари амалий ишларга киришилди. Учқўрғон туман ҳокимлиги томонидан  собиқ Қўғай таъмирлаш заводи ҳудудидан бизга жой ажратиб берилди. Тезда қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Жами инвестиция миқдори бир миллиард 800 миллион сўмни ташкил этди. Хитой компанияси вакиллари келиб, ускуналарни ўрнатиб ва ишга тушириб беришди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 тоннани ташкил этади. 

“Uzbek China paper”даги ишлаб чиқариш технологияси сомон ва похолдан қоғоз тайёрлашга мослашган. У крафт деб номланади ҳамда  турли маҳсулотларни қадоқлаш ва ўраш, шунингдек гофри қутилар ишлаб чиқаришда ишлатилади. Айни пайтда корхонада иш икки навбатда ташкил этилган. Чунки буюртмалар миқдори тобора ошиб бормоқда. Қишлоқ ёшларидан Салимбой Ғафуров, Азизбек Абдураҳмонов, Нодирбек Маъқулов, Яхёбек Мамажонов замонавий дастгоҳларни маҳорат билан бошқармоқдалар. Уларга бош технолог Комилжон Ҳусанов раҳбарлик қилиб турибди.

МЧЖ раҳбари Зокиржон Баҳромовнинг айтишича, келгусида корхона қувватини янада ошириш режалари ишлаб чиқилган. Хусусан, ёзув қоғози тайёрлашни ўзлаштириш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун хитойлик ҳамкорлар билан музокаралар бошлаб юборилган. Улар якунланиши билан янги лойиҳани амалга оширишга киришилади.

Биз ўзаро мулоқот жараёнида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқлари учун ниҳоятда зарур маҳсулотни чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларга Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолияти ҳақида сўзлаб бердик. Уларга партиямиз фаолиятига доир туркум материаллар ва рисолалар топширилди. Сайловолди дастуримизда иқтисодиётга замонавий технологияларни жорий этиш масаласига алоҳида ўрин ажратилганлиги ҳақида сўзлаб бердик.

                                                         Рустамжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Учқўрғон туман кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+