Янгиликлар 1992
Учқўрғоннинг энг адолатли қайнонаси мукофотланди
Ибодатхон Болтабоевани “Янгиобод” маҳалласида ҳамма яхши танийди. У узоқ йиллар мактабгача таълим тизимида меҳнат қилиб, нафақага чиққан. Онахон бу ердаги намунали оилалардан бирининг бекаси. 2 нафар келинни ўз фарзанди сифатида ардоқлаб, уларнинг болаларини тарбиялашга ҳам кўмаклашади. Ёшларга ўзининг маслаҳат ва йўл-йўриқларини аямайди.
И.Болтабоева жамоат ишларида фаол, бошқаларни ҳам шунга даъват этади. Ҳамиша ўзининг маънавий-маърифий савиясини оширишга интилади. Сиёсий билимларни пухта эгаллаган. Атрофдаги тўй-маъракаларга бош-қошлиги учун катта-кичикнинг ҳурматига сазовор.
Айнан мана шу фазилатлари сабаб маҳалладошлари Ибодатхон опани партиямиз ўтказаётган кўрик-танловнинг туман босқичига тавсия этдилар. Онахон ўзига билдирилган ишончни тўла оқлади. Низомда белгиланган шартларни муваффақиятли бажариб, ҳакамлар ҳайъатининг энг юқори баҳоларига сазовор бўлди. Иштирокчиларнинг чиқишлари якунига кўра у биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Туманнинг энг адолатли қайнонасига “Адолат” СДП маҳаллий кенгаши ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг дипломи ва эсдалик совғалари топширилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни “Истиқлол”, “Яшик” маҳаллаларининг вакиллари Ҳабибахон Арипова, Донохон Қаюмова эгалладилар.
- Бу йил кўрик-танловни илк бор маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда ўтказдик, - дейди “Адолат” СДП Учқўрғон туман кенгаши раиси Нигорахон Болтабоева. - Натижада тадбирнинг миқёси янада кенгайиб, халқчилиги ошди. Яна бир жиҳат - энг яхши қайноналарнинг тажрибаси ва намунасини кенгроқ тарғиб этиш имконияти туғилди. Шу туфайли оилалардаги тинчлик-хотиржамлик, маънавий муҳит янада мустаҳкамланиши турган гап.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят
Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг