Янгиликлар 4444
Уй томини ёпиш учун маблағ ажратилди
Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун қўйиладиган юртимизда аҳолининг дарду-ташвишларини тинглаб, муаммо ва мурожаатларини ижобий ҳал этишга катта эътибор қаратилган. Чунки фуқароларнинг сўров ва таклифларини амалга ошириш ва уларнинг манфаатларини таъминлаш энг олий фазилатдир. Шу боисдан партиямизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман кенгашлари томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари аҳолининг мурожаатларига ўз вақтида эътибор қаратишмоқда. Бу эса юртдошларимизнинг партия ва депутатлар фаолиятига бўлган ишончини мустаҳкамлаяпти.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Нукус шаҳар Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ҳудуддаги МФЙларда бўлиб, ўз сайловчилари ва оддий одамлар билан юзма-юз мулоқот қилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирмоқда. Шунингдек, фуқароларни қийнаётган масалаларнинг ижобий ечим топишига кўмаклашмоқда.
Жумладан, Нукус шаҳридаги «Чимбой чойхона» МФЙ аҳолиси билан мулоқот ўрнатилди. Суҳбат давомида ҳудуддаги Ж.Аймурзаев кўчасидаги 94 хонадонда истиқомат қилаётган О.Қаллибекова уйининг том қисмини шиферлаш учун маблағи йўқлигини айтиб, амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилди.
Ушбу масала бўйича халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Яхшибека Абдуллаева Нукус шаҳар прокурори ва Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси номига депутатлик сўрови билан мурожаат қилди ва масаланинг тўлиқ ечимини топишда унга кўмак беришга ваъда берди.
Депутатлик сўровида кўрсатилган О.Қаллибекованинг асосли мурожаати ҳар томонлама ўрганилди ва унга Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан 10 000 000 (ўн миллион) сўм маблағ ажратилди. Натижада уйнинг том қисми шиферланди.
Расул ҚУДИЯРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Нукус шаҳар Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг