Янгиликлар 1639
“Уйда бекор ўтирмайман!”
Мамлакатимизда ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилмоқда. Бугун сизларга ўз мақсади йўлида олға интилаётган, юрт равнақига ҳисса қўшаётган Нурободнинг Тегирмонбоши маҳалласида яшовчи Обираҳмат Аҳадов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Меҳринисо Аҳадоваларнинг оиласи ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.
- Умрим меҳнат билан ўтган. Ҳеч қачон бировнинг қўлига қараб қолмаганман. Айни дамда ҳам оилам билан бирга ўзимизни ўзимиз иш билан банд қилганмиз. Томорқамиздан унумли фойдаланиш қаторида, чорвачилик, туяқуш боқиш, чиқиндилардан биогумус тайёрлаш билан шуғулланамиз.
Рўзғорни ғор, деб аташади. Қимирлаб турмасанг, ҳаракат қилмасанг, рўзғорни камини тўлдириб бўлмайди. Уч нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим, фарзандларим туяқуш боқишга қизиққанлиги сабабли водий тарафларга бориб, 10 та 6 ойлик туяқуш жўжаларини олиб келишди. Айни кунларда туяқушлар парваришига ҳам ўрганиб қолдик. Келажакда улар сонини кўпайтирмоқчимиз, -дея сўзларини давом эттирди Меҳринисо.
Хонадон томорқасини кузатар эканман ҳовли чеккасида ёйилиб турган яшикларга кўзим тушди ва қизиқиш билан яшиклар ҳақида сўрадим.
-Томорқа унумдорлигини ошириш ҳамда хонадонимизда чорва моллари чиқиндисидан фойдаланиш учун ўғлим Сунатилло бир куни Калифорния қизил ёмғир чувалчангини топиб келибди. Нима дейман, ташаббусини қўллаб-қувватладим, хона гулларимга солиб синаб ҳам кўрдим. Бундан ташқари ўзимизнинг қўйлар жунидан ип эгириб, гилам тўқиймиз. Уйда бекор ўтиришни ўзимга эп билмайман. Муҳими, бировнинг қўлига қараб қолишдан асрасин, -дейди юзида табассум билан Меҳринисо.
Ҳа, интилганга толе ёр, деб бежиз айтмайдилар. Бугунги кунда туманимизда Меҳринисо Аҳадова ҳамда унинг оила аъзолари сингари оилалар талайгина. Уларга ҳар қанча ҳавас қилсак, арзийди.
Нодира БОТИРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Нуробод туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг