Янгиликлар 475
Улар бизнинг фахримиз, ғуруримиз
Давлатимиз мустақилликка эришганига 33 йил тўлмоқда. Тарих учун бу қисқа давр Ўзбекистонимизни дунёга танитди, жаҳон майдонида ўз ўрнини топишига имкон берди. Санасак эришилган ютуқлар жуда салмоқли.
Шу ўринда савол туғилади: биз бундай ютуқларга қандай эришдик? Унинг замирида тарихимиз, буюк боболаримиз меҳнати мужассам эмасми? Чиндан ҳам шундай. Шу сабаб Ватанимизнинг миллий истиқлоли, халқимиз озодлиги учун курашиб, жон фидо этган, сиёсий қатағон қурбонлари бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш бугун олдимиздаги долзарб вазифалардан. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 19 июлдаги «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги қарори тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур қарор аввало мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси, фуқаролик позициясини кучайтириш мақсад қилиб қўйилган. Қолаверса, келажагимиз эгаларини бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялаш масаласи ҳам илгари сурилган.
Халқимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги мардона курашини ўрганиб бориш ҳамма вақт долзарб вазифа. Бу йўлда сиёсий қатағонга учраган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун ибрат мактаби демакдир. Маълум вақт уларга эътиборсизлик қилинди, бошқача баҳо берилди. Шукрки, энди ҳаммаси ўз изига тушмоқда. Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари бугунги авлодни тарихимизга бўлган ҳурматини оширяпти. Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, «1937–1953 йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари қатағон сиёсатининг қурбони бўлган. Бу юртдошларимизнинг 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилган. Улар орасида атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, диний уламолар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари бўлган».
Қатағон қурбонлари, жумладан, жадидлик ҳаракати намояндаларининг ибратли ҳаёти ва фаолиятини халқимиз, айниқса, ёшлар орасида янада кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқдир. Бу ўз ўрнида тарихимизни ўрганиш ва аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматимиз ифодаси бўлади. Зеро, улар бизнинг фахримиз, ғуруримиз демакдир.
Мадаминжон Мадазимов,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Андижон вилояти кенгаши раиси.
Фикрингизни қолдиринг