Янгиликлар 1840
Улкан адабий мерос
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан истеъдодли шоир ва таржимон Чори Аваз таваллудига бағишланган “Тонг эртага бошқача отар” деб номланган адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилди.
Тадбирда ёзувчилар, шоирлар, адибнинг дўстлари, оила аъзолари у билан бирга ўтган дамларни ёдга олишди, унинг шеърларидан, хотирасига бағишланган марсиялардан ўқиб беришди.
Адабий кечада сўзга чиққанлар шоирнинг ижодий фаолиятига оид хотиралари билан ўртоқлашди. Шеърларининг мазмун-моҳиятини таҳлил қилдилар. Унда Чори Аваз 1980–1985-йилларда Тошкент давлат университети ўзбек филологияси факультетида таҳсил олгани, бир неча йил “Чўлпон” нашриётида муҳаррир бўлиб ишлаб, кўплаб катта-катта китобларга муҳаррирлик қилгани айтиб ўтилди. Давлатимиз мустақилликка эришган йиллари машҳур “Темурнома” китобига муҳаррирлик қилгани таъкидланди.
– Бугун ҳаёт бўлганида 63 ёшни қарши олган бўлар эди, – дейди профессор Нурбой Жабборов. – Шоир бор-йўғи 35 йил яшади. Бироқ мана шу қисқа ҳаётида халқнинг қалбидан жой оладиган, тафаккурга ундайдиган улкан адабий мерос қолдирди. У миллатни уйғоқ, тараққий этган, озод бўлишини истаган шоир эди.
Адабиётшунос Ҳулкар Ҳамроева, шоирлар Ҳумоюн Акбаров, Вафо Файзуллоҳ ижодкордан “Тортилган камон”, “Куз эртаси”, “Уйғонишдан ўзга толе излама”, “Сайланма”, болажонлар учун “Бир дунё савол”, “Мен ҳам битта Ўзбекистонман” шеърий тўпламлари қолганини айтиб ўтишди.
Шоирнинг “Бахтиёрлик шу эмасми?” номли эссе, адабий ўйлар ва таржималари киритилган насрий китоби чоп этилган. Чори Аваз бахтини шеърдан, сўздан излаган шоир эди. У дунёни шеър билан ўзгартириш мумкинлигига ишонган эди. Ҳатто, тушларида шеър ўқирди, дея таъкидланди.
Чори Аваз миллатни улуғлаган, Ватанимиз мустақиллигини ёниб куйлаган ижодкор эди. У 1989 йилда Украинанинг Киев шаҳрига касбий малакасини оширишга борганида, ўша пайтларда “Ўзбеклар иши”, “Пахта иши” деб ўзбеклар таҳқирланаётганда, у бошига дўппи, устига чопон кийиб чиқиб: “Мен ўзбекман, халқимга, юртимга қилинган бўҳтонларга ишонманглар”, дея ҳайқириб, уларга асл воқеани тушунтирган юртпарвар инсон эди. У 35 ёшида ҳаёт билан видолашган эса-да, унинг номи, шеърлари китобхонлар, адабиёт ихлосмандлари қалбида ҳамон тирик. Унинг дафтаридаги талай шеърлари шоир вафотидан кейин ҳам ўқувчилари қўлига етиб борди.
Хотира кечасида шоирнинг рафиқаси Зебо Омонова сўзга чиқиб, тадбир ташкилотчиларига миннатдорлигини билдирди: “Чори ака мана шундай элпарвар, халқпарвар инсон эдилар. Яқинда чоп этиладиган китоби ҳам ёшларимизни юртсевар шахс бўлиб камол топишларида катта хизмат қилади деб, ўйлайман”.
Бугун яна бир шоир ёдга олинди, хотирланди. Лекин ижодкорнинг шеърлари, қолдирган асарлари ўлмайди. Биз эса уларни такрор-такрор ўқийверамиз. Бу эса Чори Аваздек шоирни барҳаётлигидан далолатдир.
Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,
журналист
Фикрингизни қолдиринг