Улкан ислоҳотлар бўсағасидамиз

06.02.2020 17:02:21

 

2019 йил 22 декабрдаги  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар бўлиб ўтганига хам бир ойдан ошди. Ҳали сайлов жараёнидан олинган ҳиссиётлар босилмай туриб, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, Сенатда ва сўнгра иккала палаталар кўшма йиғилишларида сўзлаган нутқлари сайловда бошланган Ўзбекистондаги сиёсий жўшқинликни янада кучайтириб юборди. 2020 йил 24 январдаги Президентимизнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномалари эса бу жўшқинликка мислсиз куч берди. Фуқароларимизда руҳий ва сиёсий кўтаринкилик яққол кўринмокда.

Мен ҳам депутатликка номзод пайтим ўз округим ҳудудини бир неча бор айланиб чиқиб аҳоли муаммоларини ўрганишим жараёнида Янгийўл тумани ахолиси билан ҳам, Янгийўл шаҳар ахолиси билан ҳам яхши танишиб олдим. Асосийси, уларнинг интилишлари, мақсадлари, муаммолари билан танишдим ва бу жараён депутат этиб сайланганимдан сўнг ҳам давом этмоқда. Фуқаролар нафақат ўз муаммоларини  айтишмоқда, балки ана шу муаммоларга ечимлар ҳам таклиф қилишмоқда. Муаммо ва таклифларни ўрганиш жараёнида менда айрим фикрлар пайдо бўлди.

Аввало муаммолар барча ҳудудларда бир хил тизимли. Муаммолар сабаблари эса асосан маҳаллий мутасаддиларнинг лоқайдлиги, жавобгарликни хис этмаслиги, маъсулиятсизлиги ва уқувсизлигидадир. Муаммоларнинг оддий ечимларини ҳам айрим раҳбарлар кўра билмаяптилар, тушунмаяптилар. Кўпчилик раҳбарлар тепаларида янаям юқорироқ идорадан “хўжайин” келиб мажбурлаб ишлатишга ўрганиб қолганлар. Асосий муаммо ва асосий сабаб, бу кадрлар. Купчилик мутасаддилар ўз мансабларини халққа хизмат қилиш воситаси, ўз мажбуриятларни фуқарога хизмат қилиш деб билмайдилар ва бу ҳақида ўйлаб кўришни хохламайдилар. Амалга ўтирганлари ҳамоноқ ўзларини юқори тоифа, олий зот ҳисоблаб қоладилар ва оддий халқни паст табақа кўриб келмоқдалар. Минг афсуски, бундайлар хали анча кўп экан. Албатта, бу муаммолар йиллаб тўпланиб келган ва бир ой ёки йилда хал бўлмайди. Мен ўз депутатлик фаолиятим давомида, бу каби муаммоларни хал этишга албатта баҳоли қудрат ўз хиссамни қўшаман. Шу ўринда бир нечта таклифларимни билдириб ўтмоқчи эдим.

  1. Бугунги кунда ҳалқ таълими тизими чуқур ислоҳотга муҳтож. Мен ҳам кўп йиллар бу тизимни кузатиб бориб бир қанча фикрларни жамлаб қўйган эдим. Албатта, болалар ўртасида алоҳида иқтидорлилари кўп, лекин уларнинг бу иқтидорлари эътиборсиз қолдирилади. Болалардаги иқтидор 10-12 ёшда кучли намоён бўлади. Ана шу вақтда истеъдод ишлов берилиб, шакллантиришга мухтож бўлади. Қисқа қилиб айтганда, айнан шу даврда , яъни 5-7 синфларда иқтидорли болаларни аниқлаб, ажратиб олиб, алохида эътибор билан тарбиялаш керак, яъни ҳар бир туман, шаҳарларда, аҳоли ва болалар сонидан келиб чиқган холда бир ёки иккита иқтидорли болалар мактаблари очиб, ана шу мактабларда 5-7 синфлардан танлаб олинган иқтидорли болаларни кучайтирилган ва аниқ йўналтирилган ўқиш дастури асосида ўқитиш лозим. Бу мактабларнинг 10-11 синфларда эса ўқувчиларнинг қизиқишлари, иқтидори бўйича саралаб, гуруҳларга бўлиб кучайтирилган ўқув дастури асосида йўналишлар бўйича ўқитиш керак. Яъни, физика-математика, кимё-биология, тил-адабиёт, фалсафа, тарих ва ҳуқуқшунослик каби йўналишларда. Бу мактаб ўқувчиларини ўз йўналишлари бўйича олийгохларга тўғридан-тўғри, умумий тест синовларисиз қабул қилинса, уларнинг таълим олишида узилиш бўлмайди.
  2. 6-7 синфларда ўқитиладиган  “Ботаника” фанининг давоми сифатида 8-9 синфларда қишлоқ хўжалик “Ўсимликлари агрономияси” фанини киритиб, ҳафтада ҳеч бўлмаса 2 соат дарс ўтилса ва ўқувчиларга қишлок хўжалик экинлари  уларнинг селекцияси, агротехникаси ва қишлоқ хўжалигида мавжуд илғор технологиялар каби маълумотлар ўргатилса. 10-11 синфда эса “Тадбиркорлик асослари” фани киритилиб, ўқувчиларга тадбиркорликни ташкил этиш ва юритиш бўйича таълим берилса, ана шунда жуда кўп ёшлар мактабни битирганларида қишлоқ хўжалигини юритиш, тадбиркорлик сохаларида керакли тушунча ва маълумотларга эга бўладилар. Бу уларнинг ўз келажакларини белгилашларига асос бўлиб, жамият ва давлатга ҳам фойда келтирар эди.
  3. Аҳолини ижтимоий химоя қилиш сохасида, аввало ижтимоий ҳимоя қиладиган ягона ташкилот, идора бўлиши керак. Хозир бу соҳа бир қанча идораларга юклатилган ва бу сохадаги кўплаб тадбирлар мутасаддилар тарафидан “хўжа кўрсин”га сохта обрў учун амалга оширилмокда. Вазифа ва мажбурияти аҳолини мунтазам равишда ижтимоий ҳимоя қилиш этиб белгиланган ягона идора бўлса, бу ишлар мунтазам асосга қўйилар эди.
  4. Ижтимоий ҳимояга, кўмакка мухтож аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш учун давлат ижтимоий мулкини шакллантирилса, бу мулк сотилмайди ва хусусийлаштирилмайди, балки ижтимоий ҳимоя учун давлат томонидан ишлатилади. Ана шундай мулклардан бир тури бу ижтимоий турар жой фонди ташкил этилса. Кўплаб уй-жойга мухтож оилаларнинг уй-жой сотиб олишга умуман имконлари йуқ. Ҳозир бундай оилаларга давлат томонидан имтиёзлар асосида уй-жой берилмоқда, лекин уларнинг кўпчилиги уй-жой учун тўловларнинг қолган қисмини ҳам, уй- жой солиғини ҳам тўлай олмайдилар. Ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз оналар шулар жумласидан. Агар шундай оилаларга узоқ муддатга уй ижтимоий ижарага берилса, яъни ойма ой мақбул микдорда ижара ҳаққи тўлайди ва бошқа тўловлар (яъни банк кредити) уларни безовта қилмайди. Кўп қаватли уйларнинг тўлалигича ана шундай оилаларга ижарага бериб тўлдирилса, шу ернинг ўзида ёш болалар учун боғча ташкил этилса, ёлғиз оналарнинг ишлашига ва даромад топишига имкон бўларди.
  5. Барча турдаги ишхона ва идоралар ижтимоий квота жорий этиб, иш ўринлари ажратишни ташкил этиши керак. Бу квоталар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни иш билан таъминлашга хизмат қилар эди. Қишлоқларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун маош тўлаш асосида қорамол, қўй, парранда, қуён боқиш жорий этилса, яъни кластер ёки туман қишлоқ хўжалик бошқармалари ёки фермерлар ана шундай оиланинг имкониятидан келиб чиқиб, шартнома асосида қорамол, қўй ва ҳоказолар боқишга беришади, керакли ем-ҳашак, озуқа билан таъминлаб, зоветеренария ҳолатларин назорат қилиб туради. Оила эса қорамолни (ёки бошқа) парваришлайди, сутни соғиб эгасига топширади ёки семиртириб топширади ва бунинг учун маош олади. Бундай тажрибани нафақат ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар билан, балки имконияти бор бошқа оилалар билан оширса бўлади. Асосий мақсад аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда, биринчи навбатда аҳоли ўзининг мавжуд имкониятларини ишга жалб этиш ва қўшимча имкониятлар яратиш.

Бизнинг вазифамиз Президентимизнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномаларидаги улкан ва оламшумул режалардан ўзимизга тегишли бўлганини топиб, виждонан амалга оширишдан иборатдир.

                                                                                                                Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+