Ундан барча ёшлар манфаатдор

17.08.2020 11:08:34

Ёшликни куч-ғайрат, шижоатга тўлган давр дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундай. Инсон умри давомида эришган барча нарсаларнинг асосий қисмини ёшлик палласидан олишни бошлайди. Олинган билимлар тошга чизилган нақшдек мухрланиб қолиши ҳам шундан, назаримда.

Яқинда қабул қилинишга тайёрланаётган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция ҳам айнан шу каби ёшларнинг ғайратини тўғри йўналтириш, шижоат ва интилишларини янада қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланмоқда. Халқаро аҳамиятга эга бундай ҳужжатнинг мамлакатимиз томонидан илгари сурилаётганлигини давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида мазкур ташаббусни халқаро минбарга олиб чиққани билан ифодалаш мумкин.

Мамлакатимиз Президенти ушбу мавзуга алоҳида тўхталар экан, ногиронлар, қариялар, аёллардан фарқли ўлароқ, ёшлар бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг йўқлигини таъкидлаган эди. Жаҳонда ёшнинг аниқ бир чегараси йўқлиги, турфа давлатларда бу жиҳат турлича ўлчанишини ҳам ҳисобга олиш зарурки, тушунмовчилик юзага келинишининг олди олинган бўлади. Шу боис ушбу ҳужжатда ёш чегараси 18-30 ёш деб кўрсатилмоқда. Чунки бошқа халқаро ҳужжатларда 18 ёшгача бўлганларнинг ҳуқуқлари келтирилган. Қабул қилинишдан олдин лойиҳа шаклида халқаро экспертлар иштирокида кенг муҳокамадан ўтказилаётган мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжат том маънода ёшларнинг истиқболи учун янги-янги йўлларни очишига аминман.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қошида ташкил этилган «Ёшлар парламенти» аъзолигига сайландим. Бўлғуси фаолиятимда мазкур халқаро ҳужжатнинг юқори аҳамият касб этиши, шубҳасиз. Хориж ёшлари билан фикр ва тажриба алмашиш, қонунчилик бўйича ташаббусларини ўрганиш, албатта, қўл келади. Бундан ташқари нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ёшларининг бир маромга солинган ҳуқуқлари акс этган конвенциянинг бўлиши қувонарли ҳол. Ҳар ҳолда бу борада тартиб ва мезон йўқлиги сабаб неча йиллар, балки асрлар давомида баъзи ҳуқуқлар поймол этиб келинди. Шундай экан, унинг қабул қилинишидан барча ёшлар бирдек манфаатдормиз! Келинглар, уни бир бўлиб қўллаб-қувватлайлик!

Акбаршох ТЕШАБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+