Урф-одат ва қадриятлар бардавом

08.07.2021 17:07:09

Таъкидлаш жоизки, оилалар мустаҳкамлиги жамият барқарорлигини белгилайди. Бунда ҳар бир хонадон аъзоларининг, айниқса, ҳаёт тажрибасига эга аёлларнинг, оналарнинг мустаҳкам ўрни бор. Оилада ҳам, жамиятда ҳам фаол ва ташаббускор аёллар ва оналар хонадонларида тинчлик – хотиржамлик, тотувлик ва аҳил оилавий муҳит шаклланади.

Ўзбекистон аёллари ўртасида бундай намунали оилалар ва аёллар, оналар исталганча топилади. Айнан шундай оилалар ва аёлларни топиш ва уларни ёшларга намуна сифатида кўрсатиш мақсадида кўплаб тадбирлар уюштирилмоқда.

“Адолат” СДПнинг лойиҳаси ҳам “Адолатли қайнона” деб аталади. Ҳар бир туман ва вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган танлов ғолибларини қимматбаҳо мукофотлар ва “Адолатли қайнона” кўкрак нишони кутиб турганлиги танлов нуфузини оширади, албатта.

Туманимизнинг 1-сектор ҳудудида жойлашган маҳаллалардаги қайноналар ўртасида ўтказилган босқичда қатнашган 15 нафар фаол ва ташаббускор онахонлар беллашуви қизғин кечди. “Байтқўрғон”, “Кўприкбоши”, “Ҳўжақўрғон”, “Чинобод”, “Ўткир” каби маҳалла онахонлари ҳам ўз қобилиятларини намойиш этишди.

–Танловнинг аҳамиятли томони шундаки, у оила аҳиллиги ва мустаҳкамлигини сақлашга қаратилган, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Гулнора Аҳмедова ўз сўзида. – Айниқса, танлов доирасида кўчма кутубхона ташкил этилиши айни муддао бўлди. 35 нафар онахонлар янги аъзога айланишди.

Танлов иштирокчиларини баҳолашда ташаббускорлик, жамият ҳаётидаги янгиликлардан хабардорлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзлаштириш, оила мустаҳкамлиги ва анъаналаримизнинг бардавомлигини таъминлаш эътиборга олинди.     

Натижаларга кўра, Дилором Ўсарова 1-ўрин, Тожинисо Алимжанова 2- ўрин, Дилбар Жўраева, Қундуз Шодиева ва Карима Ғаниевалар эса 3- рағбатлантирувчи ўринларга сазовор бўлишди.

Шубҳасиз, бундай эзгуликка йўналтирилган тадбирлар барчага  ўз ижобий таъсирини ўтказади. Чунки уларда миллий қадриятларимизнинг бардавомлиги ва гўзал урф - одатларимиз, оилалар салоҳияти  намоёндир. Энг муҳим жиҳати эса – келажакда ёшларимизга мактаб ўрнини ўтайди.

Танлов якунида “Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби” аъзоси, депутат Гулнора Аҳмедова томонидан ғолиб онахонларга муносиб совғалар топширилди.

 

Бахтиёр ШЕРМАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қибрай тумани Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+