“Уруш, номинг ўчсин жаҳонда, ҳамон битмас сен солган алам…”

22.06.2021 13:06:13

1941 йил 22 июнь тонги. Саҳар, тинч ва сўлим қишлоқ, ариқлардан сувлар жилдираб оқиб турибди. Уйқунинг энг ширин палласи эрта саҳарда келади, болажонлар мазза қилиб ота-оналари бағрида ширин орзуларга берилиб ухлаб ётишибди. Қанийди, шу ширинтойлар ҳар тонгни шундай қарши олишганда...

Айвонда деворга мих қоқиб осиб қўйилган радиоприёмникдан янграган жанговор мусиқа ва унинг ортидан жарангдор ва ваҳимали овоз билан Германия фашистлари СССРга хужум бошлагани ва бу урушда барча Ватан ҳимоясига отланиши ҳақида айтилган сўнги хабар ҳаммани бир оз карахт қилиб қўйди. Оталарни бошлари ғам-қайғу билан эгилди, оналарни юрагида ваҳима ўти ёнди, фарзанлар эса ҳамон ширин уйқуда ухлашмоқда эди.

Урушнинг шамоли шу қадар тез эса бошладики, кўз очиб юмгунча Ўзбекистондан ҳам вояга етган ўспиринлардан то меҳнатга лаёқати бор эркак зоти фронтга жўнатила бошлади. Фронт ортида эса аёллар, болалар урушга кетган оталар, акалар ва бошқа жигарлари учун озиқ-овқат, кийим-кечак етказиб бериш  учун  тинимсиз меҳнат қила бошладилар.Ўзбекистон фронтга фақатгина моддий ёрдам жўнатишгина билан чекланиб қолмай, уруш ўчоғи бўлган Россиядан ота-онасиз, бошпанасиз қолган болаларни ўз бағрига олди ва меҳрини аямади.

Куни кеча “Справедливая Россия” Россия социалистик сиёсий партияси томонидан Ўзбекистон, Беларусия, Молдава, Армания, Козоғистон, Қирғизистон Республикалари ўртасида “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши бошланишининг 80 йиллиги”га бағишланган  телекўприк ўтказилди. Бунда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз чиқишлари билан фаол қатнашди ва ўтмишни хотирлади.

Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан. Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларга, жанг майдонларида жонини фидо қилган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш ҳар биримизни бурчимиздир.

Шаҳноза  ОЧИЛОВА,

                                                        “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

                                                                    бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+