Устоз отамиздек улуғ эди...

09.02.2022 18:02:28

Шу кунларда юртимиз ижтимоий тармоқларида кенг тарқалаётган Андижон вилояти Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчиларининг «узр сўраш маросими» халқимиз томонидан эл-юрт ҳамиша ардоқлаб улуғлаган, фарзандларини саводли қилиш баробарида одоби, намунали хулқи борасида ота-оналаридан кам қайғурмайдиган «зиёли» рутбасида қадрлаб келинган ўқитувчиларга нисбатан қилинган кечириб бўлмас мудҳиш жиноят сифатида қабул қилинмоқда. Узрбозлик маросими вақтида ота-оналар бунга эътироз билдириб, ўқитувчилардан узр сўраган, аммо туман ХТБ ташаббуси билан ўтказилган тадбир шу руҳда давом эттирилган.

Бу қандай бедодлик? Шаҳар «бедарвозами»? Давлатимиз раҳбари ўқитувчиларнинг нуфузини янада ошириш, таълим сифатини тубдан ислоҳ этиш масаласига давлат сиёсатининг энг муҳим бўғинларидан бири сифатида қараб,«нажот таълимда, нажот илмда» дея ҳаммани таълим-тарбия масаласига бирдек жиддий ёндашишга чорлаб турган бир вақтда, айрим «ўзбилармон» лар томонидан амалга оширилаётган бундай номаъқулчиликлар қайси қуюшқонга тўғри келади?

«Устозларнинг меҳнатлари инобатга олинмади, уларни руҳан синдиришди. Ёш устозлар очиқ-ошкора ўқитувчилик касбини танлаганимдан минг афсусдаман, дейишмоқда. Анча йил ишлаб тажриба орттирган устозларнинг ҳам боши эгилди. Мактабни ташлай деса бошқа ҳунари йўқ. Бу ёқда бола ўқитиш, уйлаш-жойлаш ташвиши», — дейди узрхоҳлик тадбирида иштирок этган устозлардан бири.

Шу ўринда яна бир ўринли савол туғилади. Марҳамат тумани мутасадди раҳбарлари чиндан ҳам туманда таълим сифатини ошириш йўлида астойдил иш бошлашган экан, нега бундай «хайрли» истакларини «хайрсиз» хатти-ҳаракатлар билан бошлашди? «Узр сўраш» марафонига старт беришдан олдин «сифатли таълим талабгорлари» туман мактабларидаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб чиққан эдиларми? Дарс ўтишга лаёқатсиз деб топилган ўқитувчилар билан ишлаб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишганмиди? Олий таълим масканларига ўқишга кириш даражасининг пастлиги фақатгина ўқитувчининг гарданидаги масала эмас. Ваҳоланки сифатли таълим, сифатли шарт-шароит, соғлом муҳит, мавжуд муаммо ва камчиликларни биргаликда, ҳамжиҳатликда бартараф этишни тақозо этади. Кимнидир бошини эгиш, уялтириш эвазига тизимдаги муаммоларни осонгина бартараф этишга уринаётган мутасаддилар «олий мақсад»ларини амалга оширишни биринчи бўлиб устозларни хўрлашдан эмас, балки таълим муассасалари, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун яратиб берилган шарт шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиб, ўқув масканларига сифатли таълимни амалга ошириш учун зарур бўлган барча имкониятларни яратиб берган ҳолда, янгича қараш, янгича талаб асосида йўлга қўйганларида нур устига аъло нур бўлар эди. Ана шундан кейингина, яратилган катта имкониятларга қарамай ўз ишига ҳафсаласизлик билан ёндашаётган, дангасалик қилаётган ўқитувчиларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши адолатдан бўлар эди. Шунда ҳам қўлланиладиган жазо чоралари авваламбор қонун талаблари асосида, ва албатта инсоф билан амалга оширилиши лозим.

«Адолат»СДП фаоллари таълим соҳасида адолат устуворлигини таъминлаш, ўқитувчилар обрў-эътиборини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва мавқени оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида партиямиз томонидан ишлаб чиқилган «Ўқитувчининг мақоми тўғрисида» қонун қабул қилиниши ташаббускорлари сифатида, Андижон вилояти, Марҳамат туманида ўқитувчиларга нисбатан қўлланган «жазо» усулини қаттиқ қоралайди. Зотан жамиятда ўқитувчининг мавқейи баланд бўлмас экан, давлат ва халқнинг эртанги истиқболи таҳлика остида қолаверади.

Ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек:

Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмуш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

«Адолат» СДП марказий Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+