Устоз ва мураббийлар – келажак бунёдкорлари

01.10.2020 14:10:58

 

Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ” деган сўзлари устоз ва мураббийларнинг машаққатли, айни вақтда олижаноб фаолиятига берилган юксак баҳодир.

Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", —деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Барчамиз яхши тушунамиз, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. Шунинг учун мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида улкан эътибор қаратилмоқда. 

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни деб эълон қилинганлиги мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир.

Янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотларининг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан эришамиз, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Албатта, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ишларнинг амалий таъсири ва натижадорлигини таъминлашда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни ва роли беқиёс эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда ҳам давлатимиз раҳбари сўзга чиқиб, юртимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллади.

Табрикда миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар қилиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олийжаноб устозларимизга чин дилдан миннатдорлик билдирилди. Жамиятимизда устозларга бўлган ҳурмат, уларнинг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш борасидаги ишларнинг пировард мақсади, юртимизда илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, тараққиётимиз учун зарур интеллектуал авлодни тарбиялашга қаратилгани алоҳида таъкидланди.

Бу йил ҳам  устозларнинг қутлуғ айёми кенг нишонлаётгани жонажон  мамлакатимизда бу касбга бўлган юксак ҳурмат-эътибордан далолат беради. Ҳолбуки, ҳарф ўргатувчи, касб, ҳунар ўргатувчи, фақат эзгуликдан сабоқ берувчи меҳрибон муаллимларсиз Ватан тараққиётини, келажагини кўз олдимизга келтира олмаймиз. Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор ганжи, хазинаси билан ҳам устознинг ранж чекиб қилган  олижаноб меҳнати  ҳақини адо этиб бўлмайди.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+