Янгиликлар 1632
Устоз ва мураббийлар — тараққиёт етакчиси
Янгиланаётган Ўзбекистон ўзининг минг йиллар давомида шаклланган шонли тарихи ва мустақиллик йилларининг машаққатли даврида эришган тараққиётида навбатдаги Учинчи Ренессансга пойдевор яратар экан, ушбу миллий ғоянинг ўзан мақсадига эришишда, албатта, инсон омили ҳал этувчи манбадир. Дарҳақиқат, бугунги жадал суръатлар билан ривожланаётган илму-фан, замонавий технологиялар инсонларнинг нафақат турмуш тарзи, балки ижтимоий тафаккурининг тубдан ўзгаришига жиддий талаб қўймоқда. Хусусан, тобора кескин тус олаётган глобаллашувнинг таҳлиқали шароитида азалий қадриятлар қадрсизланиб, сиёсий-иқтисодий мустақилликнинг хавфли даражада чекланиши ҳар бир мамлакатнинг кун тартибига ўз давлатчилиги ва миллий ўзлигини келажак авлодларга бекаму кўст етказишдек муқаддас вазифани кўндаланг қўймоқда.
Демак, ушбу таҳдидлардан беталафот чиқишнинг ягона йўли – давлатнинг табиий-моддий, илмий-техник ҳамда маданий-маънавий салоҳиятини сафарбар этиш баробарида янги ташаббускор олиму-мухандис, меъмору-ижодкор ворисларни тарбиялашдек долзарб масъулият устоз мураббийлар зиммасидадир. Кўҳна тарих моддий ва номоддий меросидан аёнки, юртимизда устоз-шогирд анъанаси, устози аввал унвони олийси, илоҳиёт тариқат ва дунёвий илмлар “Байтул ҳикма”лари кўҳна мозийларда шаклланиб, инсоният тараққиётини янги уфқларга етаклади. Ва яна, ўтмишдан бизгача етиб келган ёдгорликларнинг гувоҳлик беришича, азал-азалдан ҳар қандай қабила, элат ва халқ ривожланиш тарихининг силсиласида устоз-мураббийларнинг ҳаётий кузатув тажрибаси, илмий ва касбий кашфиётлари дастлаб инсоннинг камолоти, пировардида эса, инсоният тараққиёти ривожланишида пойдевор бўлиб келган ва ҳануз ўзининг ўзан-моҳиятини сақлаб келмоқда.
Қадимшунос тарихчиларнинг ватанимиз ҳудудида юзлаб археологик ёдгорликларида олиб борган қидирув қазишма тадқиқотлари натижасида қўлга киритилган кашфиётлари, жумладан, касбу ҳунар, санъат, урф- одатлар қаторида ақидавий ва дунёвий билимларни ёш авлодга таълим берувчи тизим мавжудлигини тасдиқламоқда.
Масалан, Зараутсой, Сармишсой, Суратлисой, Хўжакент ва Ўзбекистондаги кўплаб қоятош суратлар ўзининг мазмуни, мавзуси, услуб хусусиятлари ва тузилиши жиҳатидан ранг-баранг бўлиб, ибтидоий даврга оид очиқ осмон остидаги дарсхона вазифасини ўтаган бўлса не ажаб. Чунончи, инсон, ҳайвон, қурол-яроғ, уй-рўзғор, кийим-бош ва бошқа буюмлар тасвирланган бу суратлар қадимги одамларнинг ҳаёт тарзи, урф-одатлари, ҳис-туйғуларини ўрганишда муҳим кўргазмали қўлланма сифатида аҳамиятга эгадир. Демак, инсон онгли ҳаётининг илк қадамларидан қабилабош ёки тажрибадор етакчи билимдон раҳнамолигида борлиқнинг сир-асрорларини, касб-ҳунар кўникмаларини ўзлаштирган ва тўплаган тажриба асносида навбатдаги ижтимоий-хўжалик поғонасига кўтарилган.
Албатта, ушбу мингйиллик тарихий босқичлар жараёнида ривож топиб, маданий-маънавий, илм-фан ва ижтимоий тафаккур юксалишининг мезони бўлган миллий педагогиканинг анъана ва тамойилларини янада чуқурроқ тадқиқ ва тадбиқ этиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Маълумки, хозирда Ўзбекистон аҳолисининг учдан икки қисмини яъни 65 фоизини ёшлар ташкил этади ва бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз жаҳон экспертлари хулосасига мувофиқ “энг ёш” минтақалардан бири ҳисобланади. Шу боис, ёш авлоднинг, аввало одоб-ахлоқ маданиятини юксалтириш, илму-фан ва ижодга ҳавас иштиёқини мустаҳкамлаш, ўзи танлаган соҳада пешқадам ташаббускор мутахассис бўлишга интилишини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ва пировардида, етук олим ёки ижодкор даражасида ўз илмий-касбий йўналишидаги мактабни янги уфқларга етказиш ёҳуд янги йўналишда мактаб яратажак салоҳиятга эга устоз-мураббийларни тарбиялаш ниҳоятда долзарб масала. Ушбу вазифани ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиққан эди. Жорий йилнинг август ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми ушбу конвенция лойиҳасининг муҳокамасини ўз ичига олди ҳамда экспертларнинг ижобий резонансига сабаб бўлди. Шу боис давлатимиз раҳбари БМТнинг 75-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусига асос қилиб, ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб қолгани, халқаро терроризм ва эсктремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омил сифатида кўрсатди.
Сўнгги йилларда замонавий таълим соҳасининг барча бўғинларида амалга оширилаётган тизимли туб ислоҳотлар педагог-кадрларнинг фаолияти ҳамда билим ва салоҳият даражасини ошириш, жараёнларга нисбатан шахсий ёндошувни ҳам қайта кўриб чиқиш каби аниқ талаблар илгари сурилмоқда. Зеро, устоз-мураббийлар олдига шахс, жамият ва давлат эҳтиёжларига тўла жавоб берадиган таълимнинг янги сифат даражасига ўтиш ва ривожлантириш учун шароитни таъминлаш вазифаси қўйилган.
Мухтасар қилиб айтганда, айнан профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва ижодий салоҳияти ижтимоий тафаккурнинг янада юксалишига қаратилган ана шундай истиқболли ва мақсадли дастурларни амалга оширишда самарали омил бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, таълим соҳасида қандай ўзгаришлар бўлмасин, устоз-ўқитувчи ижтимоий тараққиётнинг асосий етакчиси ҳамда асосий стратегик ва технологик манбаи бўлиб қолади. Унинг касб маҳорати, ахлоқий қадриятлари ва ақл-идрокига нафақат таълим сифати, балки, бугунги ва келажак авлодларнинг ҳам тақдири боғлиқдир. Жамиятни ўзгартиришда унинг устувор вазифасидан хабардор бўлиш, педагогик салоҳиятни ривожлантиришга эътиборни кучайтиришни талаб қилади.
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Таълим тўғрисида”ги Қонун нафақат давлатимиз таълим тизимининг ривожи, балки, педагог-кадрлар жамияти учун улкан эътибор намунаси, соҳа тараққиёти учун қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.
Қонунда таълим ташкилотлари педагог ходимларига ҳам таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини хурмат қилиши, ўқув машғулотларининг сифатли ўтказилишини таъминлаши, ахборот-коммуникация технологияларидан, ўқитиш ва тарбиянинг илғор ҳамда инновацион шакллари ва усулларидан фойдаланиш, шунингдек, ўз малакасини мунтаззам ошириб бориш, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик жиҳатдан даврий аттестациядан ўтиш билан боғлиқ қатор мажбуриятлар юкланмоқда. Шунингдек, педагог ходимларга ўз касбий фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши ҳамда уларнинг касбий фаолиятига, таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш йўли билан аралашишга, педагог ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслиги, шунингдек, педагог-ходимларни уларнинг лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа ишларга жалб қилиш таъқиқланиши билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топган.
Устоз-мураббий мамлакат тараққиёти етакчиси бўлишдек улуғ мақомга эга экан, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояси давлат назорати остидадир.
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг