Устозга эҳтиром

27.09.2022 17:09:24

Устоз қўлимизга илк бор қалам тутқазган, онг-шууримизни илмга ошно этган буюк зотдир. Азал-азалдан илм-маърифатга юксак ҳурмат кўрсатиб келувчи халқимиз устозларни доимо ардоқлаб, эъзозлаб келган. Қолаверса, республикамизда 1997 йилдан бошлаб 1 октябрь «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келиниши ҳам, юртимизда ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътиборнинг юксак намунасидир.

Устозлар ҳақида сўз кетганда беихтиёр беғубор болалигимиз, орзу интилишларга ташна болалик йилларимиз, илк бора қўлимизга қалам тутқазган биринчи ўқитувчимиз кўз олдимизда гавдаланади. Бизларнинг ҳар бир саволимизга чуқур эътибор ва босиқлик билан жавоб берувчи, ҳар жиҳатдан мукаммал, чин маънода зиёли инсон. Гарчи қалбимизда меҳрибон муаллимларимизга изҳор этишни истаган гўзал тилакларимиз бисёр. Бироқ, уларнинг илм ўргатиш йўлида чеккан заҳматларини доим ҳам сўз билан ифода этиб бера олмаймиз. Ваҳоланки, устоз шаънига қанча мадҳ айтсак, кўкларга кўтарсак шунча кам. Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек:

Ҳақ йўлинда ким цанга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Сўнги йилларда мамлакатимизда илм-фан ва соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлантириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Зотан, ёшларимизни илм-фан, маърифат ва маънавият, тараққиёт ютуқлари билан тенгма-тенг, замонга ҳамнафас билим олишлари энг аввало дунё стандартлари талабларига тўлиқ жавоб бера олувчи таълим сифати билан чамбарчас боғлиқдир. Айни шу мақсадда, таълим мазмунини тўлиқ янгилаш учун мамлакатимиз олимлари, тажрибали педагоглар ва хорижий экспертларни кенг жалб қилган ҳолда, Миллий ўқув дастури яратилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда таълим даражасини янада такомиллаштириш мақсадида кўплаб университет ва институтлар, янгидан-янги илм даргоҳларининг ташкил этилиши ҳам фикримизнинг яққол исботидир. Янги сифат босқичидаги таълим масканлари, Президент мактаблари, ижод мактабларининг фаолиятларининг кенгайтирилиши ҳам шулар жумласидандир.

Бундай катта ўзгариш ва янгиланиш жараёнлари ўз-ўзидан устоз-мураббийларимизнинг ишга, ҳаётга бўлган лаёқатларини янада оширмоқда. Ёш авлодга илм-зиё улашиш йўлида ўзгача куч ва ғайратга тўлиб меҳнат қилмоқдалар десак асло муболаға бўлмайди.

Илм олишдаги энг масъулиятли ва оғир меҳнат устознинг саъй-ҳаракати, ғайрати ва матонати билангина юзага чиқади. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси ҳам устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Бир сўз билан айтганда, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари беқиёсдир.

Азиз устозлар! Қалби дарё мураббийлар!Сизлар нафақат байрам кунларида, балки бир умр барчанинг меҳру-ардоғидасиз. Биз ҳамиша сизга таъзимдамиз. Сизларга соғлик-саломатлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, машаққатли ва шарафли касбингиз йўлида улкан муваффақиятлар тилаймиз. Хонадонингиздан тинчлик, шоду-хуррамлик аримасин.

Байрамингиз муборак бўлсин!!!

Комилов Элёр,

Мафкуравий ишлар бўлими

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+