Устозларга эҳтиром

30.09.2022 15:09:26

Партиянинг Ангор туман "Аёллар қаноти" Кенгаши томонидан тумандаги “Чинобод” маҳалласида жойлашган 12-сонли умумий ўрта таълим мактабида 1 октябрь "Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди. Тадбирда партия туман “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоллари, партия депутатлик гуруҳи аъзолари, умумтаълим мактаби ўқитувчилари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди

Тадбир аввалида сўз олганлар кейинги йилларда Президентимиз раҳнамолигида баркамол авлодни тарбиялаш, малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим воситаси сифатида таълим соҳасини тубдан ислоҳ этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, бу жараёнда ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар кўлами ва мазмун-моҳияти билан мамлакатимизда навқирон авлодни вояга етказишда муҳим омил бўлаётганлиги хусусида гапириб ўтдилар.

  Юсуф Ҳалимов, Халқ депутатлари Ангор туман Кенгаши депутати:

- Президентимизнинг "Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир" деган фикри халқимиз орасида эзгу даъватга айланди. Шарафли касб эгаларининг меҳнатини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни янада кучайтирди. Ўтган йиллар мобайнида таълим соҳасидаги юзлаб устоз-мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Бундан ташқари, Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг деярли барчаси капитал реконструкция қилиниб, замонавий андозалар асосида кўплаб янги мактаблар қурилди. Мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар, “Баркамол авлод” болалар марказлари, спорт, мусиқа ва санъат мактаблари, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, уларнинг фаолияти давр руҳига мос тарзда йўлга қўйилди. Бу ўзгариш ва янгиланишлар мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида таълим тизимига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яққол исботидир.   Бугунги кунда таълим ахборот-коммуникация технологиялари ва масофавий таълим асосида ривожланмоқда. Шу боис аввало ўқитувчини илғор педагогик технологиялар ва интерфаол усуллардан унумли фойдаланадиган ижодкор-устоз даражасига кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки бугунги ўқувчига янги фикр, янги маълумот, янги услуб керак. 

Тадбирда сўз олган азиз устозлар ва мураббийлар аввало эътибор учун миннатдорчиликларини изҳор этишаркан, давлатимиз томонидан уларга берилаётган имтиёзлар, яратилаётган шароитларга муносиб жавоб қайтаришлари, Ватанга садоқатли, билимли ёшларни тарбиялаб вояга етказишлари тўғрисида гапириб ўтишди.

Тадбир якунида партия томонидан бир гуруҳ фахрий ўқитувчилар, устозларга партиянинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

 Наргиза Орзиқулова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ангор туман “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+