Янгиликлар 1185
Устувор вазифалар белгиланди
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий–амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиалида «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгашининг VI- Пленуми бўлиб ўтди.
Пленумга Кенгаш аъзолари билан бир қаторда, партия фаоллари, депутатлар, «Аёллар» ва «Ёшлар» қанотлари ҳамда БПТ раислари иштирок этишди.
Кун тартибида, «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгашининг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва «Тараққиёт стратегияси»дан келиб чиқиб 2022 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида» вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Палвановнинг, «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва 2022 йилдаги фаолияти тўғрисида» Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Улуғбек Қурязовнинг ҳисобот маърузаси тингланди.
Шунингдек, «Адолат» СДП вилоят Кенгашининг 2021 йилги Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларининг ижроси ҳамда 2022 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари бўйича партия вилоят Кенгашининг бош ҳисобчиси Муҳаббат Зокированинг ахбороти эшитилди.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан вилоят Кенгаши 2021 йил фаолияти давомида, 2021 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси» ҳамда Давлатимиз Раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва унда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 февралда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида белгиланган устувор вазифалар шунингдек, Ҳаракатлар дастурининг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Ҳисобот даврида партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши аъзолар сони 3695 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 43865 нафарни, бошланғич партия ташкилотлар сони эса 15 тага ўсиб, 277 тани ташкил этди.
Ўтган йил давомида ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича, 712 та шундан 775 та хонадон ва 848 та хўжалик юритувчи субъектларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилинди.
Ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар оммавий ахборот воситалари орқали 112 минг марта ёритилган. Хусусан, республика ва маҳаллий телевидениеда 210 марта, радиоканалларда 110 марта, матбуот нашрларида 120 марта, интернет тармоқларида 750 дан зиёд янгиликлар, муносабатлар ёритилди.
Шунингдек, пленумда ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳам қаттиқ танқид остига олинди. Жумладан, оқсоқликка йўл қўйиб келаётган Гурлан, Тупроққалъа туман Кенгашлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш масаласи илгари сурилди.
Депутатлик гуруҳлари, бошланғич партия ташкилотлари, «Аёллар» ва «Ёшлар» қаноти фаолиятини янада кучайтириш, жорий йилда «Ёшлар парламенти» аъзолиги учун бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб ўринни эгаллаш ва ижобий натижаларга эришиш, тадбирлар кўламини ошириш, сессияга масалар киритиш самарадорлиги ошириш каби устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқариш, ғояларини кенг омма орасида тарғиб қилиш, унинг нуфузи ва салоҳиятини юксалтириш борасидаги самарали фаолияти ҳамда жорий йилнинг 13-14 май кунлари партиянинг сайёр VIII- Пленумини юксак даражада ташкил этишдаги жонбозлиги учун, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши партия Сиёсий Кенгашининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирлангани тўғрисидаги хабар пленум иштирокчиларига кўтаринкилик бағишлади.
Равшанбек Жуманиёзов, Урганч шаҳар Кенгаши депутати:
- 2011 йилдан буён партия фаоллари билан елкама-елка фаолиятимни олиб бормоқдаман. Вилоят Кенгаши жамоасининг ҳамжиҳатлиги доим эътиборимни тортиб келган. Жамоада партия аъзолари доим ардоқланади, ёшларни униб-ўсишлари учун эътибор қаратилади. Мен ҳам ёш депутат сифатида партия фаолларининг қўллаб-қувватлашлари билан жамиятда муносиб ўрнимга эга бўлдим.
Йиғилиш сўнгида кун тартибида кўрилган масалалар юзасида тегишли қарорлар қабул қилинди ва амалиётга йўналтирилди.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг