Янгиликлар 2106
Вакцина ҳақида нохолис ахборот – саломатликка тўсиқ
Бу йилги ёз фасли ҳам ниҳоясига етиб бормоқда. Ўтган давр биринчи навбатда коронавирус инфекцияси хуружининг кучайиши билан эсда қоладиган бўлди. Айни вақтда касалликка қарши курашда ижобий омил ҳам кўзга ташланиб қолди. Яъни, аҳолининг эмланиш суръатлари анча ошди. Масалан, биргина бизнинг вилоятимизда кунига ўттиз мингдан зиёд киши вакцина қабул қилмоқда. Бу, олдингига қараганда анча юқори кўрсаткичдир.
Мен ҳам бир неча кун аввал ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг иккинчи дозасини қабул қилдим. Бунинг учун ўзимда ҳеч қандай иккиланиш ҳис қилмадим. Аксинча, қатъият ва ишонч билан ҳаракат қилдим. Чунки хизмат вазифаси тақозосига кўра тез-тез шифохоналарда тождор вирусдан даволанаётган беморлар ва тиббиёт ходимлари билан учрашиб тураман. Улардан эмланган ва эмланмаганларда хасталик қандай кечаётганлиги ҳақидаги маълумотларни кўп олдим. Хулоса эса тезда вакцинани қабул қилишга даъват этди.
Фикримча, фуқароларимизнинг кўпчилиги ҳозир шундай қарорга келаётгани эътиборга моликдир. Боз устига давлатимиз эмланиш жараёнлари ва вакцина таъминоти масалалари бепул бўлишини кафолатлаб қўйган бўлса. Бундай шароитда имкониятдан оқилона фойдаланиш ва ўзини ҳамда атрофдагиларнинг хавфсизлигига эришиш ҳар бир кишининг бурчидир.
Тождор вирус бутун ер юзини босиб олгани ҳаммамизга аён, аммо ўтган йилгидек карантин жорий қилинса, иқтисодиётга катта миқдорда зарар келади. Аҳолининг аксарияти даромад манбаидан маҳрум бўлади. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди, албатта.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси куни кеча ташкил этган матбуот анжуманида ҳам пандемия шароитидан келиб чиқиб коронавирус инфекциясига қарши изчил кураш олиб борилаётганлиги таъкидланди. Хатарли касаллик тарқалишининг олдини олиш, уни юқтириб олганларни самарали даволаш тиббиёт ходимларининг энг муҳим вазифасига айланган. Бунинг учун махсус шифохоналар фаолият кўрсатмоқда.
Ачинарлиси, коронавирусдан сақланишнинг энг ишончли ва зарурий чораси - вакцина қабул қилиш масаласида иккиланаётганлар бор. Бунга айрим ижтимоий тармоқларда эмланиш хусусида нохолис фикрлар тарқатилаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Бу, элимиз саломатлигини муҳофазалаш йўлида тўсиқдир. Анжуманда эмланиш жараёнларини тағин ҳам жадаллаштириш, омманинг фаоллигини янада ошириш зарурлиги яна бир бор қайд этилди. Биз ҳам мазкур йўналишдаги ишларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор.
Азим МАДАМИНОВ,
Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши аъзоси
Фикрингизни қолдиринг