Янгиликлар 2330
Вакцина – коронавирусга қарши энг ишончли восита!
Бутун дунё, хусусан, мамлакатимизда бир йилдан ортиқ давом этаётган пандемия даври жамиятимизга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти.
Айтиш жоизки, юртимизда уч ойдан ошиқ давом этаётган вакцинация жараёнлари юртимизда бу таъсирни камайтиришда асосий омил бўлиб турибди.
Ҳиндистонда аниқланган коронавируснинг “ҳиндча” штаммининг янги варианти “асл” вариантидан икки баравар юқумлироқ. ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, ушбу штаммга чалинган одам инфекцияни “икки эмас, балки тўрт, олтита ва ҳатто саккиз” кишига юқтириши мумкин.
Мутахассислар фикрига кўра, ушбу вирус ўта юқумли бўлиб, ҳатто унинг ташувчиси ёнидан ниқобсиз ўтиб кетиш ҳам хавфли.
Бола дунёга келар экан, у одатда бир қанча касалликларга нисбатан иммунитетга эга бўлади. Бу келажакда туғилаётган янги болаларга оналаридан йўлдош орқали ўтувчи қарши танача касаликлар билан курашишга хизмат қилади. Натижада, эмизикли бола кўкрак сутидан доимо қўшимча қарши таначалар қабул қилади. Бу каби иммунитет фақатгина вақтинчалик характерга эга бўлади.
Вакцинация - болаларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилувчи энг яхши восита ҳисобланади. Баъзан айрим ижтимоий тармоқларда вакцинациянинг асоссиз танқиди, журналистларнинг вакцинациядан кейинги асорати орқали келиб чиққан бўрттирмалари ҳисобланади. Албатта бошқа дори-дармонлардек вакцинанинг ҳам ўзига хос қўшимча таъсирлари мавжуд. Аммо эмланмаган бола юқумли касалликларни юқтиргандан кўра, эмланиш асоратидан жабр кўрган боланинг ҳолати хавфсизроқ ҳисобланади.
Вакциналар танангизнинг табиий иммунитети билан биргаликда касаллик юқиши хавфини камайтиради. Вакцина – бу микробнинг (вирус ёки бактерияларнинг) заифлашган, зарарсиз бўлаги. Вакцина танангизга юборилгандан кейин иммунитет тизимингиз танага кирган микробни аниқлайди ва бу микробга карши курашиш учун қарши таначаларни ишлаб чиқариб, у билан қандай курашиш кераклигини эслаб қолади. Агар келгусида ушбу микроб таъсирига яна учрасангиз, иммунитет тизимингиз уни қандай йўқ қилишини билади; сиз касал бўлмайсиз. Шундай қилиб, вакцина танада касалликка қарши иммунитетни ишлаб чиқишга кўмак берувчи хавфсиз ва самарали восита саналади. Касаллик пайдо бўлганидан кейин уни даволашдан кўра, эмлаш орқали касалликларнинг олдини олиш мақсадга мувофиқ.
Вакцина қабул қилиш мажбурий эмас. Вакцинация қабул қилинмаганлик учун ҳам жавобгарлик йўқ. Лекин эмланишнинг қанчалик зарур эканлигини ҳисобга олиб, касалликка қарши энг самарали усул унга қарши вакцина олиш эканини эслатиш ўринлидир.
Ҳали вирусга қарши вакцина олган ҳеч бир фуқарода коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланмади. Шундай экан, ҳамюртларимиз вакцинация жараёнларида фаол бўлишлари касаллик тарқалишини тўхтатишнинг асосий омили бўлиши мумкин.
Ҳурматли юртдошлар, касаллик тарқалишининг олдини олишнинг икки чораси бор: карантин тартибларига амал қилиш ва эмланиш. Агар шу икки чорани бирдек ишга солсак, коронавирусни енгиб чиқишимиз эҳтимоли икки карра ошган бўлади.
Бахтиёр ҚОСИМОВ,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг