Янгиликлар 1700
Вакцинация – давр талаби
Ҳаёт — нақадар гўзал ва жозибадор тушунча! Ҳаётда яшаш, унинг барча неъматларидан баҳраманд бўлиш, ҳаётнинг саодатли онларини ажиб хотираларга боғлаш нақадар улуғ бахт!
Ёши улуғ кексаларимиз қўлларини дуога очганда, Парвардигордан тинчлик-омонлик, бахт-саодат билан бирга албатта мустаҳкам соғлик сўрайдилар. Дарҳақиқат, ҳаётни бекаму кўст яшаб ўтиш учун инсонга аввало сиҳат-саломатлик зарур. Саломатликнинг мустаҳкам бўлиши эса, ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.
Мен ҳам бу дунёнинг бахту саодатини тўлақонли англашни истаган инсонлардан бириман. Барча одамзод қатори эрта тонгда эзгу ниятлар билан уйғонаман ва ўзимнинг бахту саодатимга юзланиб яшайман.
Ўтган йили юртимиз бўйлаб машъум коронавирус инфекцияси тарқалганда, кўплаб ҳамюртларимиз оғир касаллик гирдобига тушиб азоб чекди, яна кўплаб қадрдонларимиз касаллик туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмди. Афсуски, вафот этган қариндошларимиз, дўсту биродарларимизни энди қайтаролмаймиз. Эндиликда, қўлимиздан келадиган ягона нарса – эҳтиёт чораларини кўриб, ўзимиз ва яқинларимизни касалликдан ҳимоя қилишдир.
Мен доимо эртанги кунимнинг саломатлиги ва барқарорлигини таъминлашга ҳаракат қиламан. Негаки, оилам бор, қадрдон дўстларим ёнимда, жондан ортиқ севган касбу ҳунарим ҳаётимга мазмун беради. Эртанги кун учун тузган орзу-ниятларим бисёр. Менга умид кўзи билан қараб турган одамларни айтмайсизми? Уларни ноумид қилишим нотўғри бўлади, ахир!
Эртага юз берадиган улкан даражадаги муваффақиятларимга эсон-омон етиш ҳамда ҳаёт аталмиш бахту саодатимни қўлдан бой бермаслик учун мен қарор қабул қилдим!
Мен Covid-19 инфекциясига қарши вакцина олдим. Бу ишни ўз хоҳиш-иродам ва ҳаётий позициямга кўра амалга оширдим.
Бугунги кунга келиб, замон тараққий этди. Қадимда одамзод турмушига таҳдид солган вабо, ичтерлама, қизамиқ сингари хавфли касалликларнинг олдини олиш учун биз айнан вакцинага мурожаат этганмиз. Ёки бўлмаса, эбола, чўчқа ва парранда гриппи сингари даҳшатли вирусларни жиловлашда ҳам вакцина асосий қурол вазифасини ўтади.
Covid-19 инфекциясига қарши яратилган вакцина бугунги кунда инсониятнинг қалбида ўзига хос хадик уйғотаётгани табиий, албатта. Негаки, номаълум нарса ҳар биримизнинг қалбимизда номаълум туйғуларни уйғотади. Дарҳақиқат, вакцинация жараёнининг барқарор ўтиши учун аҳолига вакцина ҳақида ҳар томонлама етарли маълумот бериш зарур. Фақат шу йўл билангина аҳоли ўртасида кучли жамоавий иммунитетни ҳосил қилишга эришиш мумкин бўлади.
Мен ўзимнинг ҳаётий позициям ва эртанги кунга бўлган кучли ишончим боис, Covid-19 инфекциясидан ҳоли бўлган соғлом ва барқарор ҳаётни танладим. Сизни ҳам шунга чақираман!
Covid-19 инфекциясига қарши эмлашда фаол бўлинг!
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг