Янгиликлар 1103
Ўзаро ҳамкорлик иқтидорли ёшларни аниқлашга хизмат қилмоқда
Республика Маънавият ва маърифат маркази Боғот туман бўлими ташаббуси билан «Адолат» СДП Боғот туман Кенгаши ҳамкорлигида тумандаги 3-сонли ИДУМда «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам» мавзусидаги кўрик-танловнинг туман босқичи ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – мактабларда илм-фан, санъат ва маданият, ахборот технологиялари, бадиий ижод, архитектура ва дизайн, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик каби соҳаларда фаолият юритаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.
Тадбирда давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, кенг имкониятлар тўғрисида сўз юритилди. Жумладан, партиянинг сайловолди дастурида илгари сурилган қатор илғор ғояларнинг ёшларга қаратилганлиги, унинг аҳамияти, шунингдек, партия томонидан ёшларни билим ва салоҳиятини, иқтидорини юзага чиқаришда қатор ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида ҳаётий мисоллар асосида тушунчалар берилди. Ўтказилган тадбирлар ва давра суҳбатларида ўнлаб иқтидорли ёшлар кашф қилинаётганлиги тўғрисида сўз юритилди. «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам» Республика танловининг туман босқичида 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этиб «Тасвирий ва амалий санъат», «Адабиёт ва публицистика», «Миллий мақом ва миллий эстрада» йўналишларида ўз маҳоратларини намоён қилдилар.
Тадбир сўнгида фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар ҳамда «Адолат» СДП га аъзо бўлиш истагини билдирган 3-сонли ИДУМ ходимларининг бир гуруҳига партиянинг аъзолик билетлари топширилди.
Саодат МАШАРИПОВА,
«Адолат» СДП Боғот туман
Кенгаши «Аёллар қаноти» раиси
Фикрингизни қолдиринг