Ватандан кетаман деганларга – катта кўча

08.07.2021 18:07:41

Ижтимоий тармоқларда норози оҳангдаги фикр билдирувчи инсонлар сони тобора ошмоқда. Бу бир томондан жамоатчилик фикрининг мустақиллигини таъминласа, айрим жиҳатларда аҳлоқ ва ҳуқуқий нормаларнинг қўпол равишда бузилишига олиб келяпти.

Кузатишларимнинг бирида “Паспортимни отиб Ўзбекистонингиздан чиқиб кетаман, Шавкат Миромонович”, - деб айюханноз соляпти биттаси. Билиб-билмай, расмиятчиликдан ҳоли, жойлардаги муаммоларга ўзбошимчалик билан бурнини суқиб юрганларнинг охирги йўлаги - бир парча чақирув қоғоз эканига гувоҳ бўляпмиз.

Қўлига телефон кўтарган айримлар бир зумда жонли намойиш қилиб  дағдағага ўтиб олади. Тўғри, муаммосиз тизим, коррупцияга ботмаган тармоқ йўқ. Иқтисод орқада қолган. Лекин бу дегани миллат тимсоли бўлган Президентни ҳар ким истаганча,  истаган шаклда обрўсизлантира олади дегани эмас-ку, ахир. Мен халқимизни тамоман оч ёки ўта камбағал дея олмайман. Фақат бизнинг орзуларимиз, истакларимиз борган сари кенгайиб, руҳимизни очкўзлаштириб қўяётгандай. Шоҳона ҳаётнинг шинавандасига айланиб  қоляпмиз.

Қўшниларимнинг ўндан саккизида автоулов борлигини сўзимнинг исботи сифатида келтиришим мумкин. Хатто, “Lasetti”, “Cobalt” эгасига айланиш одатий ҳолга кирган.

Тўғри, халқни қийнаётган муаммолар ҳали бисёр. Халқнинг бир парчаси ўлароқ,  ўша муаммолар гирдобида мен ҳам борман. Лекин дуч келган одам ҳар қандай майда муаммо учун Президентни қоралаб уни обрўсизлантириш компаниясига бош суқишига мутлақо қаршиман. Чунки, мен ношуд, шукрсиз эмасман. Вақтида йўлимдаги катта коррупцион  тўсиқларни айнан давлат раҳбари чиқарган қарорлар таъсирида енгиб ўтдим. Ва бундай ҳолатлар минглаб ватандошларимга катта умид билан қадам босишига замин яратди.

Шуни унутмаслигимиз лозимки, Ўзбекистон давлати фақат Президентникимас! У барчамизники - сизники,  бизники,  уларники... Шу инсон нима қилса ҳам мамлакат кори учун ҳаракат қиляпти. Бажарилган ислоҳотларни кўрмаслик учун инсон ожиз бўлиши керак, менимча.

Хуллас, “Ёш кетаман, қари ўламан”, деб қўрқитаркан. Нима хам дердик... Юртдан кетмоқчи бўлганлар билан мағрурларча хайрлашамиз. Шу тупроқни кўзига суртаётганларга эса эл-юрт дуоси ижобат бўлсин, деймиз.

 

Муҳаббат НАЗАР,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+