Янгиликлар 1156
Ватанпарварлик - бу юксак масъулият, юрт манфаати билан яшаш
Бир қарич ерни ҳамма жойда топиш мумкин, ҳаётни давом эттириш мумкин... Аммо туғилиб ўсган юртингчалик бўлолмайди. Балки ота-боболаримизнинг мустақиллик учун ёвларга қарши курашиб тўкилган қони бизни Ватанга янада яқинлаштириб тургандир... «Бахт йўлда эмас - қўлда» дейдилар. Мустақиллик бахтини ота-боболаримиз меҳнатида деб биламан! Ахир уларнинг меҳнати эвазига фаровонлик, осойишталик бахтига эришдик. Ватан! Биз мустақил равишда яшайдиган, миллатимиз ва оиламиз билан хотиралар ясайдиган, маданиятимиз, давлатимиз ва тарихимизнинг яхши-ёмон кунларини ўзида мужассам этган гўша. Аввало, биз бу қимматбаҳо бойликка муносиб ҳаёт кечиришимиз керак. Биз Ватанимизни обод қилишимиз ва унга муносиб ҳаётни бирлик ва ҳамжиҳатликда олиб боришимиз зарур. Ватанпарварлик тўғрисида кўпроқ ўйлаш, Ватанимизга муносиб тарифни бериш, қалбимизда муҳаббат ва садоқат билан сақлаш, уни ҳар доим ва ҳар қандай шароитда ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ватанпарварлик - бу ўз миллатига, она Ерига, имонига содиқликдир. Ватанпарварлик - бу Ватан олдидаги масъулият, миллат манфаати билан яшаш. Ватан тараққиёти, миллат обрўсига ҳисса қўшиш, фойда келтириш, фидоийлик, ҳалоллик билан меҳнат қилиш, халқнинг шон-шуҳрати ва манфаатини ўйлаш, инсонпарвар бўлиш демакдир. Ватанпарварлик ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган даражада қадрлидир! Юртининг фаровонлиги йўлида кўмаклашмоқчи бўлган кишининг қалби пок бўлиши, ўз нафсини тарбиялаши, яхши ишларни бажаришга одат қилиши зарур. Бугунги кунда мустақил Ўзбекистон фуқароларининг туб мақсади чинакам инсоний жамият қуриш бўлмоғи керак.
Ватан тарихи моддий ва маънавий меросга айланиб улгурди. Океан ортидаги мамлакатни биринчи бўлиб кашф этган Абу Райҳон Беруний, қанчалаб саркардаларнинг тиғ кучлари етмаган жойни қалам кучи билан забт этган Алишер Навоий, тиббиёт илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино, барчани лол қолдирган математик ал-Хоразмий, йирик давлат арбоби, саркарда Амир Темур каби дунёга машҳур бўлган юртдошларимизни бутун дунё билади, уларга ҳам Ватан она ўрнида она, ота ўрнида ота бўлган.
Бу шунчаки сифат, одатий мажоз эмас. Она Ватан тимсолида биз жамиятимиз табиатини, меҳрибонлик ва мувофиқлик пойдеворига қурилган тузумимиз хислатини кўрамиз. Шунинг учун ҳам она замин, она-Ватан, она ер каби тушунчалар ҳаётимизга, онгимизга сингиб кетган.
Ҳар бир шахс мақсадига ўзи туғилиб ўсган юрти, ватандошлари билан бирликка эришса, у нафақат ўз элининг, балки, оламнинг эҳтиромига сазовор бўлади.
Ватан дея йиғлаган кўнглим -
Япроқларда титраган шабнам.
Ҳовучларим тупроқ ўпар жим,
Аждодларни ёдга олган дам...
Қаро тунда оппоқ доғли юз,
Кенг оламга бағишлар чирой.
Осмонингда осиғлиқ ҳануз,
Балдоғимга ўхшар тўлин ой.
Тушларимда кўк кўрпасидан,
Юлдуз сочиб ўтади ҳурлар.
Кўк гумбазлар қобирғасидан,
Жилоланиб сизади нурлар.
Тиним билмас соат палласи,
Тун кундузга ўрин берган дам.
Узоқларда оппоқ саллали,
Тоғлар расмин чизади қалам.
Мен исмингни ёздим доналаб,
ВАТАН дедим, илиқлик сездим.
Майсаларнинг сочин шоналаб,
Оғушингда елдайин кездим.
Кўзни олар кўкда мис танга,
Манзил узра борарман шитоб.
Яноқларни бўяб ол рангга,
Сўнгаккача қиздирар офтоб.
Меҳринг- олов, ёндир бу жоним,
Ғам-ғуссамни ёқиб кетайин.
Томирларда кўпирсин қоним,
Тўлқинида оқиб кетайин.
Мустақил Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий-маънавий вазифаларини ҳал этиш кўп жиҳатдан жамиятнинг ва ундаги ҳар бир инсоннинг ахлоқий даражасига боғлиқдир. Бугунги кунда, юртимизда, кўплаб соҳаларда янгиланишлар, шиддатли ўзгаришлар юз бермоқда. Барча диққат-эътибор халқ манфаатларига қаратилгани диққатга сазовордир.
Дилноза Ҳақбердиева,
Партиянинг «Аёллар қаноти» Кенгашининг фаол аъзоси,
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги
Республика болалар кутубхонаси Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг