Вирусни албатта енгамиз!

27.04.2021 16:04:47

 

Инсоният бошига коронавирус балоси тушганидан бери унга қарши курашишда турли чоралар кўриляпти. Уларни динамик чоралар, десак тўғри бўлади, чунки ҳар бир қарор вазиятга ҳамоҳанг равишда қабул қилиняпти. Юртимизда илк бемор аниқланганида аввало боғча ва мактабларнинг ёпилиши, карантин назоратининг кучайтирилиши касалликнинг кенг авж олиб кетишидан ҳимоялади. Мамлакатимизда олиб борилган оқилона сиёсат туфайли қўшни давлатларга нисбатан камроқ талофот кўрдик.

Ер юзида турфа “исм”лар билан кезган вирус билан касалланиш юртимизда бир муддат камайган бўлса-да, сўнгги вақтларда яна бош кўтаргандек янги ҳолатларни юзага чиқармоқда. Аҳоли орасида беморлар кўпайгани, айниқса вирус турли штаммларда тарқаб, ёш болаларга ҳамла қилаётгани ҳукумат томонидан тезкор чоралар кўришни талаб этмоқда.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 27 апрелидан бошлаб Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ва боғчаларда онлайн таълим тизими йўлга қўйилади. Бунга шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш кўрсаткичи кейинги кунларда ошиб бораётгани асос бўлди.

Бироқ ушбу хабарга интернет фойдаланувчилари турлича муносабатлар билдирмоқда. Боғча ва мактабларнинг карантинга ёпилганини салбий баҳолаб, бу ўқувчиларнинг билими пасайиб кетишига олиб келишини айтувчилар ҳам кўп. Шу билан бирга самарқандликларнинг мактаб ва боғчаларни карантин қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам бор.

Тўғри, онлайн таълим анъанавий турининг ўрнини босолмайди. Аммо саломатлик билан боғлиқ хавф-хатарнинг олди олиниши мақсадида кўрилган тезкор чоралар энг тўғри йўл, деб ҳисоблаймиз.

Карантин – ҳавасга ўйлаб топиладиган машғулот эмас, у – эҳтиёж, у – зарурат! Устига устак, нозик масала саналмиш инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ заруратдир. Карантин чекловларини қоралаб сафсата сотиш осон, аммо гап фақат карантинни тўхтатиш ёки кучайтириш эмас, балки унга монанд равишда ишлай олмайдиган тизимлар ҳақида бормоқда. Бинобарин, кун келиб вирус, албатта, чекинади, пандемия тугашига ишонамиз.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+