Янгиликлар 1122
Яхшидан боғ қолади...
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда изчиллик билан олиб борилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси каттаю кичикни эътиборидан четда қолмади. Шу ўринда, партиямиз фаоллари нафақат лойиҳани фаол ижрочиси, балки юртимизни гўзалликка буркаш мақсадида тиним билмасдан жонбозлик кўрсатиб келаётган ҳамюртларимизнинг алоҳида хизматларини эъзозлаб, оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка намуна сифатида кўрсатиб келмоқдалар.
Бугун муқаддас зиёратгоҳлар ҳудудидаги экилмай қолган майдонларни боғу роғга, гулзорга айлантиришни мақсад қилиб, тинимсиз меҳнат қилаётган янгиариқлик Қурбоной опа Исмоилова тўғрисида Хоразм телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда лавҳа тасвирга олинди.
Олтмиш олти баҳорни қаршилаб, тинч ва осуда ҳаётимизда умргузаронлик қилиб келаётган Қурбоной опанинг хонадонига ташриф буюрар эканмиз, уйи олдидаги турфа гулларнинг бўй чўзиб, ўтган қайтганга бир олам завқ улашаётганини гувоҳи бўлдик.
Тоза, ораста хонадони одамни ҳавасини келтиради. Опанинг боғига кўзимиз тушиши билан меваларининг юки кўплигидан шоҳлари эгилган дарахтларни кўриб, тўғриси ҳайратда қолдик. Боғнинг асосчиси ким экани билан қизиқиб опага юзланганимизда камтарона нигоҳ билан ўзим, дея оҳиста жавоб бердилар.
Мулоқотимиз чоғида опанинг ўзи яшаётган «Қўшлоқ» маҳалласида жойлашган «Ҳазрати Шайх Вали бобо» зиёратгоҳи ҳудудини бир неча йилдан буён гул кўчатлари экиб, гулзорга айлантиргани тўғрисидаги хабарни эшитиб, опа билан ҳамроҳликда муқаддас жойга йўл олдик.
Ҳудудга кириб бораверишда узоқдан кўрина бошлаган турфа атиргуллардан кўзимиз қувнай бошлади.
Боғнинг яратилиши тарихи билан ҳам бир неча саволлар билан опага юзландик.
Ёшлигимдан гул ўстиришга, боғ-роғ қилишга жуда қизиқаман. Бу қизиқишимга ота-онам сабабчи бўлган, дейди Қурбоной опа. – Эрталаб туришим билан биринчи қилмоқчи бўлган ишим, уйим атрофларини саранжомлигига эътибор қаратаман. Гулларга, кўчатларга бир-бир назар ташлайман, улар билан суҳбатлашаман. Бир неча йил олдин мана шу муқаддас зиёратгоҳни экилмай турган майдонларини гулзорга айлантиришни мақсад қилган эдим. Мана бугун меҳнатларим самара топди. Узоқ яқиндан келаётган зиёратчилар боғдан завқ олаётганини кўриб дилим яйрайди.
Маҳалла фаоллари билан суҳбатлашганимизда опахон нафақасини олиши билан ўзига кийим –кечак ёки зеб –зийнат эмас, гул кўчати сотиб олишга сарфлар экан. Тенгдош дугоналари оила бағрида, невара-чеваралари билан вақт ўтказаётган бир пайда, Қурбоной опа гоҳ у зиёратгоҳга гоҳ бу зиёратгоҳга йўл олиб кул экиш ва унинг парвариши билан машғул бўлар экан.
Эшитишимизча, опанинг Боғот туманидаги «Одил Эшон бобо», Янгиариқ туманидаги «Ғойиб ота» зиёратгоҳлари ҳудудига гуллар экиб, у ерларни ҳам обод этишга бел боғлаган.
Қурбоной опа билан суҳбатимизни давом қилар эканмиз, у Давлатимиз Раҳбари томонидан хотин-қизларга берилаётган имкониятларни ифтихор билан тилга олди.–Бундай давлат ҳеч бир ерда йўқ, Ватан учун қанча хизмат қилсанг ҳам кам, қани эди юртимиз гулзорга айланса, бунинг учун кўкаламзорлаштириш масаласига ҳар бир хонадонда қатъий эътибор қаратилса, жаннат макон Ўзбекистонимиз янада гуллаб яшнайди, дея тўлқинланиб гапирди опа.
Сафаримизни якунлаб қайтар эканмиз, орамизда шу табаррук ёшида ҳам тиниб-тинчимай, худди ёшлиги сингари ёниқ юраги билан зиёратгоҳларни гулзорга айлантиришни мақсад қилиб, юртимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшаман де, маррани баланд олган аёлларимиз, онахонларимиз борлигидан дилимиз ғурурга тўлди.
Дарҳақиқат, бундай давлатга қанчалар хизмат қилсанг ҳам кам, дея ҳамроҳларимиз билан яратилаётган имкониятлар тўғрисида суҳбатлашиб, сафаримизни давом этдик.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг