Якка ҳолда эмас, ҳамкорликда олиб бориладиган ислоҳотлар иш беради

11.04.2020 16:04:02

Бутун афкор омма, катта-ю кичик барча давлатларни коранавирус эпидемияси четлаб ўтмаётган айни пайтда туркий тилли давлатларнинг мазкур глобал муаммо атрофида бирлашгани, муаммони бир даврада муҳокама этганлари ғоят аҳамиятлидир. Оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлганингиздек, Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтди. Коронавирус пандемиясига бағишланган ушбу видео мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти иштирок этган видео мулоқотда ҳар бир давлат коронавирусга қарши курашдаги чора-тадбирлари билан ўртоқлашди. Жумладан, мамлакатимиз Президенти бу борада амалга оширилаётган ишлардан сўз очиб, бутун мамлакат миқёсида қатъий карантин тизими жорий этилгани, аҳолининг масъулиятини ошириш мақсадида қисқа муддатда қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритилганини маълум қилди. Дарҳақиқат, тартиб-тамойилларнинг қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилгани айни муддаодир. Коронавирус глобал миқёсда хавф сола бошлаганидан бери юртимизда ушбу масалага даҳлдор бирқанча ҳужжатлар имзоланди, Ўзбекистонда мазкур касаллик қайд этилганидан кейин эса бу борадаги ишлар янада жадаллашди. Президентнинг аҳолига шахсан мурожаатининг ўзи халқимизни бирдамликка чорлашга ва ушбу синов даврида барча аҳолимизни янада жипслашишига туртки берди.

Таъбир жоиз бўлса, мазкур вазият ҳар бир мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимини имтихондан ўтказди. Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш сохасида уч йил олдин бошланган ислоҳатлар ўз ҳосилини бермоқда. Коронавирусга қарши курашиш ҳар қандай давлатдан тиббиёт соҳасини қайта ислоҳ қилиш, янги хизматлар ташкиллаштириш ва бу касб вакилларига нисбатан эътиборни кучайтиришни тақозо этади. Республикамизда мазкур тамойил ҳисобга олиниб, барча вилоятларда махсус тиббиёт масканлари ва карантин ҳудудлари ташкил этилди.

Шу ўринда Президентимиз томонидан шифокорлар меҳнатига алоҳида урғу бериб ўтилди. “Бу кураш майдонида биринчи зарбани ўзига қабул қилаётган, фидойи ва жонкуяр тиббиёт ходимларини ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш кафолатлари кучайтирилди”, дея таъкидлади Юртбоши. Шубҳасиз, тиббиёт ходимлари – ўта шарафли касб вакиллари. Шифокорлар асосий электорат вакиллари бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мазкур соҳа ходимларини ҳар томонлама ҳимоялаш масаласини ўз сайловолди дастурида таъкидлаб, бир неча механизмларни таклиф қилган. Шифокор мақомини ошириш, хавфсизлигини таъминлаш, шу билан бирга тиббий хизмат сифатини юксалтириш партиямиздан сайланган барча депутатларнинг устувор вазифаси эканлигини бугун сайловчилар яхши англамоқда.

Маърузада касалликни эрта жиловлаш мақсадида юртимизда аҳоли ўртасида огоҳлантириш ва кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги қайд этилди. Аҳоли озиқ-овқат, дори-дармон ва зарур тиббиёт воситалари, бошқа ҳаётий муҳим ашёлар билан мунтазам таъминланаётгани, бу борада имкониятлари чекланган, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларига беғараз манзилли ёрдам кўрсатиш тизими шакллантирилганидан мисол келтирилди. Мазкур жараёнда кенг жамоатчилик, нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ҳам фаол иштирок этаётгани айни ҳақиқатдир. Жумладан, “Адолат” СДП депутатлари ва фаоллари эҳтиёжманд оилалардан ўз ёрдамини аямади, бевосита ва билвосита ҳомийликлар кўрсатди, синовли дамда аҳолини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Хайрли ишлар хозир ҳам давом этмоқда. Муҳими, халқ вакиллари қийин вазиятда ҳам ўз сайловчилари билан ҳамнафас эканликларини исботладилар.

Маърузада таъкидланганидек, таълим тизими узлуксизлигини таъминлаш учун бу соҳадаги барча муассасалар ўз фаолиятини тўлиқ онлайн тарзда амалга оширмоқда. Ҳа, фурсатдан фойдаланиб, фаолиятда ахборот технологияларига суяниш кучайди, рақамли технологиялар яна бир бор ўз афзаллигини намоён этди. Шунингдек, таълим муассасаси ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди.

Пандемик карантин шаротида иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини тўла қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилгани ҳам таҳсинга лойиқдир. Президент нутқида мазкур масалага тўхталиб, амалий ишлардан мисоллар келтирилди.

Айтиш ўринлики, саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан коронавирусга қарши ҳамкорликдаги кураш йўлида бир қанча таклифлар билдирилди. Туркий Кенгаш доирасида доимий фаолият кўрсатадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш зарурлиги ўта муҳим таклифлардан биридир. Зеро, бундай шароитда эпедемиологик кузатув тобора долзарблашиб, ҳал қилувчи кучга айланади. 

Шунингдек, Президентимиз томонидан туркий тилли давлатларнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, диагностика, даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва илмий изланишлар бўйича маълумот ва тажриба алмашувни кенг йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Албатта, ҳамкорликдаги меҳнат ушбу балони тезда даф этишга замин хозирлайди. Бу борадаги шерикчилик янада кенг ҳажмда бўлса, нур устига аъло. Бинобарин, таклифлар қаторида коронавирус талофотларини юмшатишда халқаро ташкилотлар кўмаги муҳимлиги таъкидлангани бежиз эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва ваколатларини янада оширилса, ушбу нуфузли ташкилот ва Туркий Кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатилса, мақсадга эришишимиз осонлашади.

Нутқда ирод этилган “Бирон-бир давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди” чақируви – ҳақ гап. Биз Президентимизнинг таклиф ва фикрларини қўллаб қувватлаймиз ва пандемияга қарши курашда ҳамкорлик, жипслик ва дўстона алоқаларни кучайтириш тарафдоримиз.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+