Янгиликлар 2952
Якшанба мутолааси: Раҳмат сенга, коронавирус!..
Ўтган йилги туғилган куним ҳар галгисидан бошқача ўтди. Ахир мен қайтадан дунёга келдим. Муҳаббат бахтига тўйиб туғилдим. Унгача яшамаганман ҳисоб. Таваллуд кунимда кўзимни очдиму ажиб манзарадан ақлим оғиб қолай деди. Хонам гулларга тўла эди. Тувакда, гулдонда бир-биридан чиройли орхидеялар, оёғим остида ҳам гул барглари гиламдек тўшалган.
– Нима қилдинг, Веики?
– Бу менинг ишим эмас. Фенгджга бироз қарашиб юбордим холос. Фе-е-е-гдж, киравер, уйқучи маликанг кўзини очди.
Қўшиқ айтиб кириб келган севгилим қўлидаги букетни тиз чўкиб берди. У ҳам орхидея эди.
– Раҳмат, жудаям чиройли – дедим гулга маҳлиё бўлиб.
– Менинг орхидеям булардан ўн чандон чиройли!
Фенгджнинг ғоясига лол қолдим. Туғилган кунида гул олиш оддий ҳол-ку, дерсиз. Аммо улар оддий гуллар эмас, орхидеялар эди. Исмимнинг маъноси – орхидея ифори. Фенгджнинг дидига, романтикасига ва ҳаммасидан ҳам кўпроқ – муҳаббатига тан бердим.
Ошиғим мени яна кўп бор қойил қолдирди. Унинг муносабатлари шу қадар самимий эдики, гоҳ кулар, гоҳ кўзимга ёш олардим. Бир куни у янги чиққан музқаймоқдан еб кўрибди. Мазаси оғзига жуда ёққанидан яна битта сотиб олибди ва менинг олдимга югурибди. Аммо ўртамизда 800 километрлик масофа. Тасаввур қилаётгандирсиз, шак йўқки, музқаймоқ эриб битган. Менга унинг қоғози қолган холос. Севгилимнинг меҳрибонлигидан бошим кўкка етди ва унинг кўнгли учун музқаймоқ қоғозини ялаб чиқдим. «Роса ширин экан, раҳмат», дедим бўйнидан қучиб. Ҳақиқатан ҳам музқаймоқнинг юқи менга жуда тотли туюлди. Тўғрироғи мен музқаймоқ эмас, ошиғимнинг меҳр-муҳаббатини яна бир бор татиб кўргандим. Ўшандан бери ўзим ҳам бирор тансиқ таом есам, томоғимдан қирилиб ўтадиган, усиз еёлмайдиган бўлиб қолдим.
Ноябрь ойининг бошлари эди. Фенгдж билан учрашувдан қайтгач, ота-онамга қўнғироқ қилдим. Бу йил Янги йилни нишонлашга уйга боролмаслигимни айтиб, олдиндан огоҳлантириб қўйдим. Веикидан ҳам узр сўрадим. Бу гал Янги йилни Фенгдж билан бирга нишонламоқчимиз. Ажойиб режалар тузяпмиз. Устига-устак, байрамдан бироз ўтиб унинг туғилган куни. Ноодатий совға тайёрлашим шарт.
Шу ўйлар билан бош қотириб юрган пайтим курсдошларимнинг ўзаро суҳбати қулоғимга чалинди.
– Бир вирус чиқибди, жуда хавфли эмиш. Поликлиникада ишлайдиган тоғам айтди.
– Гриппми?
– Йўқ, бошқача. Номи... Каламавирусмиди-ей...
– Давоси бор эканми?
– Йўқ-да!
– Хитойга етиб келгани аниқми?
– Ўзи Хитойдан чиқди-ку. Ухандан.
– Эй Худо, энди нима қиламиз?
– Ваҳимачилар! – дедим кулиб – Вирус кеча пайдо бўлган нарсамиди? Гриппнинг бир тури-да. Шифокорлар бекорчиликдан битта касалга мингта ном тўқиб ўтиради.
– Ланфен, тушунмаяпсан, одамлар бир кунда ўляпти. Бу бало Уханда аниқланганидан ҳам пинагингни бузмайсан-а!
– Зўр-ку! – дедим янада хотиржамроқ оҳангда – Демак, шаҳримиз – машҳурлик остонасида!
Улар ортимдан бир нималар деб қолишди. Мен эса курсдошларимни қандай мазах қилганимни Фенгдж билан бўлишгим келиб, унга сим қоқдим. Аммо у менга ўхшаб кулмади. Балки, ғамгин тортиб қолди. Фенгджни касалликлардан фобияси борликда айблаб, уни ҳам калака қилдим.
Миямда минг ташвиш. Янги йилни қандай нишонлаш ва севгилимнинг туғилган кунига нима совға тайёрлаш ҳақида ўйлайвериб, бошим ғовлаб кетди. Бу одамлар эса қандайдир вирус-пирус билан ўралашиб юрибди. Кишиларга ҳам ҳайронсан. Роса зерикишган экан-да, мавзу топилди. Мендек банд қизнинг бундай муҳокамаларга вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ. Ахир менинг нафақат ўй-хаёлларим, балки юрагим ҳам банд. Мен учун ягона мавзу – Фенгдж. Аммо, афсуски, Янги йилни бирга нишонлолмадик. Севгилим Уханга келолмади, ўша куни зарур иши чиқиб қолганини айтиб узр сўради. Майли, байрам ўтгунча сабр қилиб турамиз. Аксига олиб шу пайтда Фенгджнинг ишлари кўпайиб кетди, қўли қўлига тегмаяпти. Шунчалик бандки, Уханга бирров келиб кетишга вақти йўқ. Авваллари «Бўлди, ишингга бор, бўшатиб юборишмасин» деб базўр жўнатардим, энди чақирсам ҳам келмаяпти. Ишхонасида талаб кучайган чоғи.
Вирус ҳақидаги гап анча урчиб кетди. Вирусдан ҳам ваҳимаси ошиб тушди. Ҳамманинг оғзида шу.
– Мен ҳам энди сенга телефон қиламан деб тургандим. Ланфен!
– Оҳ, жонгинам! Иккимиз бир-биримизни бир вақтда соғинибмиз-да!
– Йўқ. Йўғ-ей, ҳа. Бошқа гапим ҳам бор эди.
– Майли, аввал сен айтақол. Кейин мендан ҳаётий латифа эшитасан.
– Интернетдаги хабарларни ўқидингми?
– Йўқ, ҳозиргина курсдошларим «Фақат севгилингнинг хатларини ўқийсан» деб дакки беришаётганди. Улар ҳақ. Хўш, интернетда нима гап? Иккимизнинг муҳаббатимиз ҳақида ёзишяптими?
– Вирус. Коронавирус.
– Оббо! Ваҳимачилардан қутулдим десам, бу ёқда яна биттаси бор экан!
– Ланфен, Уханда...
– Ҳа, Ухан вирусни тутиб олишда олғирлик қилибди. Сиан эплолмабди. Хўш?
– Жуда ёмон бўлибди-да, Ланфен...
– Нимаси ёмон?
– Ахир бу оддий вирус эмас. Одамни ўлдирадиган вирус.
– Унда Уханга кел, севгилим, бирга ўлайлик! – хандон отиб кулдим.
– Ўйлаб гапир, Ланфен! – Фенгджнинг росмана жаҳли чиқди.
Бу «Сени деб ухлолмадим», деб урушганидагидек жаҳл эмасди, қандайдир бошқача ғазаб эди. Шу даражада эдики, Фенгджнинг кайфияти мени қўрқитиб юборди ва ҳазилим учун узр сўрадим. Аммо у мени кечирмади чоғи, бундан кейинги қўнғироқларимга ҳам истар-истамас жавоб берди.
Менимча, Фенгджни ҳам вирус ваҳимаси чулғаб олган. Бўлмаса, унга неча бор тушунтирдим, бу оддий гриппга ўхшаган касаллик, деб. Барибир кўнгли хира бўляпти. Биргина Фенгдж эмас, ён-атрофимдаги кўпчилик ҳали авж олиб улгурмаган дарддан даҳшатга тушяпти. Рости, бу коронавирус деганларидан фақат менгина қўрқмаяпман.
– Сен писмиқ коронавирусга қарши вакцина олволгансан, шекилли. Хотиржам юрганингдан бу аниқ – деди Веики кулиб.
– Ҳа, бу вакцина ихтирочиси – Фенгдж, фақат менга атаб кашф қилган. Менда ҳар қандай вирусга қарши иммунитет – муҳаббат бор!
– Аттанг! Вақтлироқ билмабман-да, мен ҳам битта-яримтасини севиб қолардим.
(Давоми бор)
ДУРДОНА
Фикрингизни қолдиринг