Якшанба мутолааси: Сирларни очган сурат

09.02.2020 10:02:09

 

Ўн етти ёшда эдим. Ойим “Бугун уйни кўтарамиз”, деди. Барча хоналарни бошдан оёқ тозалашни шундай атардик. Ўшанда уй билан бирга неча йиллик сирлар ҳам кўтарилишини билмаган эканман...
“Дадажонимнинг кабинетларини мен тозалайман”, деб ичкарига кириб кетдим. Бу хонадаги компьютер, катта соат, кресло – ҳамма ҳамма нарса мен учун қизиқ эди. Тозалаш баҳона барча буюмларга бирма бир тегиб чиқардим. Чанг артиш навбати тортмаларга келди. Эринмай ҳамма қоғозларни олиб, тортмани бўшатдим. Қоғози сарғайган китоблар, дадамнинг талабалик пайтлари тутган конспект дафтарлари, эски ишхоналарининг гувоҳномалари, минг йиллик тангалар коллекцияси... Улар орасида қоғоз пакет ҳам бор эди. Нима бу? Конвертми? Ҳа, елимланибди. Ичида хат бормикин? Қиизиқувчанлигим тутиб, елимни аста кўчирдим. Агар буни дадам билиб қолсалар, боплаб адабимни бериб қўйишларини ҳам ўйладим, аммо барибир кўнглим буюрганини қилдим. Аммо катта конвертдан мен таҳмин қилган хат эмас, фотосуратлар чиқди. Бари оқ-қора, хира... Дадамнинг болалиги акс этганди уларда, шу билан бирга мен танимайдиган одамларнинг ҳам расми бор.
Тортмани чанглардан тозалагач, олган нарсаларимни қайта жойлашга тушдим. Шу пайт кенжа укам кириб келиб менга шерик бўлди. У ҳали ёш бола эмасми, менга ўхшаб эхтиёткорона кўрмайди, дарров ҳамма ёқни алғов-далғов қилиб ташлади. Уни роса койидим, чунки дадам жуда тартибли одам, нарсаларини ҳеч кимга ишонмайди, бирор нимаси йўқолиб қолса борми, ҳаммани оёққа турғизади. Шуни ўйлаб, буёғига чаққонроқ бўлишимга тўғри келди, ҳужжатларни шошганча жойига қўйдим. Оёғим остига тушиб, чил-чил синган ойна бўлакларидан сапчиб тушдим. Бу рамка қаердан келиб қолди? Хозиргина тортмани ўзим бўшатгандим-ку. Ҳа, диссертация қўлёзмаси орасида экан, қалин папканинг боғлагичи ечилиб кетганидан буни англадим. Мен синдириб қўйган рамканинг ичида фотосурат бор эди. Аёл киши... Қизиқ, бу ким бўлиши мумкин? Суратга тикилиб қолдим.
- Шоира! Бўлдингми, қизим? – онамнинг овози ҳаёлимни бўлди – Кичкина хонани тозалашинг қийин бўлиб кетди-ей!
- Ботирни кўрмайсизми?! Халақит беряпти! – ойимга жавоб бераётиб қўлимдаги суртани тортмага солиб қўйишга улгурдим.
Хонадаги ишимни битиргач, суратни ўзим билан олиб чиқиб кетдим. Бу билан рамкани синдириб қўйганимни яширмоқчи эдим. Аммо миямни чулғаб олган нарса дадамдан гап эшитиш эмас, балки савол эди. Бу кимнинг расми? Нега отам уни яширди?
Ўз хонамга киришим билан расмни қаерга қўйишни билмай ёстиғим тагига яширгандим. Уйқуга ётганимда бу ишимдан аччиқландим. Нега қандайдир бир аёлнинг расмини кўзга суртгудек қилиб ёстиғим остида асрашим керак? Қўлимга олиб, унга яна бир бор разм солдим. Ким у? Ким? Дадамнинг собиқ севгилисимикин? Нега унда болаликдаги фотосуратлари каби оқ-қора эмас, рангли? Йўқ, бу хозирги кун расми. Демак, бу аёл ҳам хозир дадамнинг ҳаётида бор.
Тун ярми. Ҳамма ухлаяпти. Охиста қадамлар билан дадамнинг кабинетига бордим ва ўша эски расмлар жамланган катта конвертни очдим. Ундаги ўзим танимаган одамлар билан қўлимдаги суратни солиштирдим. Йўқ, бу мутлақо бошқа одам, расмлар ичида йўқ у! Демак, таҳминим тўғри! Бу – хозирги замон одами. Наҳотки... Эй Худо, бу ҳақида ўйлагим келмаяпти!
Хонамга қайтиб кириб, суратни бу гал гилам тагига яширдим. Бу билан унга оёқ остидан жой ажратган, гўё нафратимни изҳор қилган эдим.
Дадамни жудаям яхши кўраман. Етти ёшимгача елкасидан тушмаганман. Яқин-яқингача ҳам ишдан келгач, тиззасига ўтирволардим. Отам мени ўғилларидан аъло кўради, истаганимни муҳайё қилади. Иккимиз соатлаб суҳбатлашиб ўтирамиз, ўртамизда сир йўқ. Аммо, мана! Биздан яширгани бор экан-ку!
- Шу, уйни йиғиштирганларинг ёмон-да! Кейин керакли нарсамни тополмай юраман!
Нонуштада дадамдан бу гапни эшитиб, тишлаган нонимни ютолмай қолдим. “Керакли”муш... У аёл дадамга жуда керак экан-да, а? “Тополмадим” деяпти, демак қидирган. Нима, уни кўрмаса туролмайдими?
Тез хонамга кириб, гилам остидан расмни олдим. Чиройлими, ўзи, деган кинояли нигоҳимни қаратдим. Йўқ, ҳечам чиройли эмас – шундай дея жаҳл билан гилам орасига улоқтирдим. Аммо ўқишга кетаётиб ҳам, дарс пайтидаям у аёлнинг қиёфаси кўз олдимдан кетмади. Юзи оқ, кўзлари катта-катта, сочлари сариқ, аммо ўзбеклиги билиниб турибди. Кулгичи бор, лаб остида қора ҳол. Расмга кулиб тушганидан садаф тишлари кўриниб турибди. “Тан ол, у чиройли! Чиройли аёл!”. Дадамни мафтун этган гўзал... Йўғ-ей, унчалик чиройли эмасди, шекилли? – дейман яна ўзимга қарши чиқиб – Қаеридир совуқ!
Ўқишдан кела солиб, яна гилам остидан расмни чиқардим. Эшикни ичкаридан қулфлаб, расмга яхшилаб тикилдим. Ундан ўзим таҳмин қилган айбни ахтараётгандим. Бахтга қарши, Тангри бу сиймони бекам-у кўст яратганди.
- Дадажон, дугонамга ўхшаб сочимни хнага бўясаммикин – дедим кечки суҳбатимиз устида – Сариқроқ бўлармиди...
- Йўғ-ей! Мендан ўтган қайсар қора сочларинг ўзингга жуда ярашади!
Бу гапдан хурсанд бўлдим, демак у жодугарнинг сариқ сочлари дадамга зиғирча ҳам ёқмайди. Аммо нега уни асраб юрибди бўлмаса?!
Дадам ҳақидаги шубҳам мени еб битирди. Кечалари ухламай шу ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Еб-ичишимда ҳам тайин йўқ. Ҳолатимнинг айбдори бўлган отам эрталабдан кечгача ишда, мендаги ўзгаришларни пайқагани йўқ. Барибир оналар бошқача, уларнинг кўнгли огоҳ-да. Ойим мени олдига чақириб, нимадан ҳафалигимни сўради. Аввалига лом-лим демадим, икки-уч кун ўтиб, яна онам сиқувга олди. “Айт, бўлмаса мактабингга бориб, ўқитувчингдан сўрайман”, дегач, фотосуратни кўрсатдим.
Онам шўрлик ғалати бўлиб кетди. Сўнг мени бағрига босиб, қўшилишиб йиғлади.
- Бирор нима қилишимиз керак! – дедим кўз ёшларимни артиб.
- Ҳеч нарса қилмаймиз, қизим, ҳеч нарса!
У жуда хотиржам гапирарди. Афтидан суратни биринчи марта кўраётгани йўқ. У отамнинг ҳиёнатини била туриб бунга чидаб келяпти. Ахир шу адолатданми? Онам шу азобларга лойиқми?
Суратдаги аёл чиройлими, деб иккилангандим, унинг гўзаллигини тан олгим келмаганди. Мана, хозир тан олишга тайёрман. У гўзал, жуда гўзал! Чунки ўзи учун яшайдиган, ғам кўрмаган аёл! Онам эса бизларни ўйлаб яшайди. Суратдаги танноз каби пардоз қилишга вақтини ва маблағини тежайди. Мана, ҳозир ҳам у бизни ўйлаб, дардини ичига ютяпти. Шундан кейин сочига оқ ораламисинми? Бу юк билан юзига ажин тушмасинми?
Отамни ёмон кўриб кетдим. У онамни бошқа аёл билан ноўрин солиштирган, бизга нисбатан ноҳақлик қилган. Ойимнинг қўл қовуштириб ўтириши баттар жаҳлимни чиқарди. Ўзим нимадир қилишим керак. Дадам билан яхши суҳбатдош бўлганим билан бу масалада очиқ гапириб, юзига тик қаролмайман.
Бувимнинг маҳалласида фолбин аёл бўларди. Лоп этиб ҳаёлимга шу келди. “Дарсдан кейин тўгарагим бор”, деб баҳона қилиб, унинг олдига бордим. Аммо у текинга ишламас экан. Белгилаган нархидан-ку, капалагим учиб кетди. Кейин тушлик пулимни йиғадиган бўлдим. Қалбимни нафрат эгаллаб олганидан, оч қолганим ҳам азоб бермади.
- Бу аёл отангга чирмовиқдек ёпишиб олган – деди фолбин суратга тикила – Ёпирай, тўйнинг хиди келяпти. Отанг сизлардан воз кечиб, унга уйланмоқчи. Бу мегажин дадангнинг пулларига эга чиқиб, охири кўчага ҳайдайди. Кейин сенларнинг олдингга келиб, уйингга ўт қўяди. Кейин...
- Бўлди! Керак эмас! Давом этманг! Нима қилиш керак, шуни айтинг!
- Исириқ ва қатиққа дам солиб бераман, исириқни ҳар куни уйда тутатасан, қатиқни дадангга ичирасан, шунда ундан совиб, сизларга илийди.
- У аёл барибир тинч қўймасачи?
- Ипга дам солиб бераман, ҳар куни 7 марта тугиб, расм атрофидан айлантирасан, кейин оқар сувга отасан. Яшшамагур бедаво дардга йўлиқиб, етти ойга қолмай ўлгани хабарини топмасанг, юзимга тупуриб кет!
Фолбиннинг ҳамма айтганларини ихлос билан бажардим. “Нега бунақа исириқ тутатяпсан, уйни саситиб?”, деб дадам уришди. “Гриппдан ҳимоя, ўқитувчим айтди”, дедим.
Онам мақсадимни пайқаб турарди. Шунинг учун росмана койиди. Мен унга ўхшаб жим ўтиролмаслигимни айтиб, қаттиқ гаплар гапирдим. Ҳовуримдан тушгач, фолбинни эсладим. У атиги етти кун ипни етти марта тугиб оқар сувга улоқтиришини буюрганди. Менга эса у аёлнинг ўлимини кутиш учун етти ой ҳам кўп эди. Нақ икки ой тугунли ипларни сувга отдим. Унга келадиган бало тезлашишини хоҳладим.
Бир куни ота-онамнинг гап талашаётгани қулоғимга чалинди. Бироз эшитиб турдим, аммо оғизларидан чиқаётган сўзларни миям қабул қилмас, фақат бир ўй билан банд эдим: Мана, етиб келдик! Дадам бизни ташлаб кетмоқчи! Атайлаб жанжал чиқаряпти, шу баҳона ажрашиб, ўша аёлга уйланмоқчи.
Ортиқ чидаб туролмадим. Пичоқ бориб суякка тақалганди. Гилам остидан суратни олиб, уларнинг олдига бордим.
- Етар! – “дада” дегим келмади – Биз ёқмасак, боринг олдига. Боринг! Йўқолинг! – иккалалари ҳам карахт аҳволга тушиб қолди, ҳудди ҳамкорлардек бир-бирларига қараб олишди.
Расмни йиртиб ташладим. Бўлакларини дадам йиғиб олаётгани ўлганнинг устига тепган бўлди! Оёларим билан босиб, исёнимни намойиш қилдим. Чинакамига жазавага тушгандим, расм бўлаклари устида сакрар, шу йўл билан уни топтардим.
- Шоира, бас қил! – онам тўхтатишга уринди.
- Йўқ! У ўлсин! Тезроқ ўлсин!
- Қизим!
- Етти ой ўтди-ку, нега ўлди деган хабар эшитмаяпман? Қачон қирилиб, йўқ бўлиб кетади?
- Илтимос, бундай дема!
- Ҳа, у сизга керак-да, а? Айтинг, ким у? Ким?
- Буни сўрама. Айтолмайман.
- Майли, айтманг. Энди у эмас, ўзимнинг ўлимимни кутаман. Мен ўлишим керак, мен! – яна ақлдан озганлар каби сочимни юлиб йиғлай бошладим.
- Қизим, ёлвораман, бундай дема!
- Унда айтинг, ким у?
- У – сенинг онанг! – ойим бир нафасда шу сўзни айтди-ю, томоғига нимадир тиқилиб, ташқарига чиқиб кетди.
Дадам билан ёлғиз қолдик. Ҳақиқатни айтиш унинг чекига тушган эди. Айтишича, бир ёшдалигимда онам автоҳалокатдан вафот этибди. Сўнг ойимга уйланган... Туққан онамни бир бор, қиз кўзи билан кўришни хоҳлардим. Ерда сочилиб ётган сурат парчаларига қарадим.
- Бу расмдан яна борми?
- Йўқ, атиги битта эди...

ДУРДОНА ёзиб олди


Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+