Якшанба мутолааси: Сут

10.11.2019 18:11:03
  • Дадажониси, суюнчи беринг!
  • Ҳа, нима бўлди? Эсон-омон қутилиб олдими?
  • Худога шукр. Она-боланинг аҳволи яхши.
  • Ўғилми ё қиз?
  • Ўғил...
  • Эҳ, аттанг! Ҳай, майли, борига барака!
  • Мен ҳам қиз кутгандим, начора?! Бу сигирингиз нуқул буқача туғадиган хилидан экан.

Кумуш ая қўшниларга “оғиз” тарқатди. Сўнг она-бола (сигир-бузоқ)дан хабар олиб турди. Доимий одатига содиқ қолиб атала пишириб берди. Бу орада мижозларига сим қоқиб, шу яқин куларда сут ва қатиқ олиб боришини айтиб қўйди.

  • Энди ишимиз беш, дадаси! Сигиримиз сутга кирди – кармонимиз пулга тўлди.
  • Ҳар йилги ашулангни айтма! Насияга сотишдан бошқасига ярамайсан-ку.
  • Икки сетка сут-қатиқни қайтиб олиб келиб, ачитгандан кўра насияга бўлса ҳам ўтқизиб келаман. Пулини беради, бермай қаёққа боради?
  • Хўш, қанчасини йиғиб олдинг?
  • Мана, дафтаримга ҳаммаси ёзилган. Нури опоқини ўчирибман, Жаннат ҳола ярмини берибди. Соф қарзи борлар Маҳмуда келин, Шоира келин, Гули келин, муйилишдаги талаба қизлар, Доно опа, Фарида...
  • Бўлди-ей, бирортасини танисам экан!
  • Сизга “оптом” қилиб таништирадиган бўлсам, камҳарж оилалар деярли қарз бўлмайди, пули йўқлигида ҳар қанча зўрламай, олмайди – тамом. Ўрта ҳоллар бир ҳафта – ўн кунга илтимос қилиб туришади. Уч-тўрт қаватлаб уй қурган, пультли дарвозали, алламбало машинаси бор хонадонларчи, дадажониси, йиллаб қарзини узмай юради. Уй бекаси “Майдам йўқ, кейинроқ битта қилиб бераман”, дейди. Кейин эсидан чиқиб кетади. Бир куни Гули келин “Атиги 160 минг қарз эканман-ку, шуям пулми? Шошмай туринг, берарман”, дейди!
  • Тавба, одамлар ҳам қизиқ! Оқликдан шунча қарзга ботса-я!
  • Сиз юзимга солаверганингиздан кейин оила бошлиқларининг йўлини пойлаб, пул сўрайдиган бўлдим. Биринчи бўлиб Шоира келиннинг эрини қўлга туширдим. У хотинидан ўтиб тушди. “Йўғей, қўшмасдан гапиринг, қачон 280 минг қарз бўлишга улгурибмиз? Уйда бирор марта қатиқ хўпламаганман-ку!” дейди-да!
  • Нима қилдинг кейин? “Розиман, ош бўлсин”, деб келдингми?
  • Йўқ, бўйнига қўйдим. Барака топгур дарвозасининг пешонасига видеокамера ўрнаттирган экан, неча литр сут-қатиқ сотганим аниқ кўринди. Аммо “Ҳозир қўлимда фақат кўкидан бор, ўзимизникига айлантирволай, бераман”, деб қутилди-да.

Янги туғилган буқача онаси билан қолдирилди. Одатда бир ҳафтагача уни боғлашмайди. Сигирни эмиб, сутни кўпайтириб берсин, дейишди. Кумуш ая ҳар тонг сут соғиб, бизнесини бошлаб юборди. Она-бола кучга кириши учун боқувни яхшилади.

Фақат тонгларнинг бири зулматдек кўринди. Не кўз билан кўрсинки, сигирнинг елини бўм-бўш. Қайта-қайта соғиб кўрди, бир томчи сут чиқса қани?!

  • Вой дод, дадаси! Шўримиз қуриб қолди!
  • Нима, буқача ўлиб қолибдими?
  • Бундан кўра ўлгани яхшийди. Харом ўлса розийдим ярамас! Сигирни эмиб қўйибди. Бозоримни касод қилибди очофат! Шунчалик ҳам эмадими-я! Охурини бўш қолдирмаяпман-у, бу бутун маҳалла тўядиган сутни бир кунда йўқ қилибди. Ҳам хўрдани, ҳам бўрдани уради, деганлари шу-да!
  • Ўзингда айб! Ғафлат босиб ётмасдан вақтлироқ туриш керак эди!
  • Нима қилай?! Чарчаганимдан ухлаб қолибман! Бу касофатнинг қилиғини туш кўрибмидим? Эммай ўл!
  • Кечагина “Бузоқчам, болажоним” деб силаб-сийпалаб ўтиргандинг-ку, энди ўлим тилаяпсанми?
  • Манави тўнка сигир ҳам “Бўлди, қоч” демайди. Иккалангга ҳам берган емларимга рози эмасман!

Кумуш ая шунча сигир-бузоқ боқиб бунақасини кўрмаган эди. Бахтга қарши бу буқача онасига ёпишқоқ чиқди. Эмса, жим бўлади. Бошқа вақт чакаги очилади. Лекин ўша кунги “фожеа”дан сўнг мол эгалари хушёрликни кучайтиришди. Бузоқни муддатдан аввал сигирдан айириб, боғлаб қўйишди. Фақат гоҳ-гоҳида назорат остида эмиздириб олишяпти. Айтдим-ку, буниси бошқаларига ўхшамайди, деб: онасини икки дақиқа эмиб, елинини бўшатишга улгуради азамат! Эгалари яна оҳ-воҳ қилиб, эмизиш давомийлигини икки карра қисқартиришди. Номига бузоқнинг оғизини теккизиб, сўнг соғиб олишади.

Оиланинг ишлари бароридан келди. Қарздорлар пулини тўлади, мижозлар сони ошди. Худди янги туғилган буқача оилага қут-барака олиб киргандек эди. Лекин Кумуш ая хомуш, аввалги шаштидан асар йўқ, камгап бўлиб қолган. Бундан хабардор эр сабабини сўради. Ая узоқ сукутдан сўнг: “Ўша ишим нотўғри бўлдими, деб ўйлаяпман. Бечора бузоқчам она сутига тўймади. Онасидан эрта бўлак қилдим, узоқ эмишига қўймадим. Бояқиш жонивор шунга ўрганди, бир-икки сўриб, бош буриб кетадиган одат чиқарди. Ишқилиб касалланиб қолмаса бўлгани. Бебахт буқача! Аслида онасининг елинидаги сутнинг эгаси у, ҳақи бор-у, биз одамлар шуниям қўймаймиз”. Эр аёлнинг устидан қотиб-қотиб кулди. Фикрларини бемаъни, деб баҳолади.

Уларнинг шаҳарга узатган қизлари бор. Ойда-йилда бир келади. Кеча келганида ўтиргандек бўлмади. Уч ойли чақалоғи тинмай йиғлар, ҳеч овунмасди.

  • Заҳро, ҳадеб тепамда қаққайиб туравермасдан, бор, ичкарига кир. Болангни эмизгин – тинчланади.
  • Қизим эммайди. Чилласи чиққанидан кейин ажратганман.
  • Ия, эсингни еганмисан? Нега бундай қилдинг, аҳмоқ?
  • Роса ёпишқоқ бўлиб, жонимга тегиб кетди.
  • Олтита болани беш ёшгача эмизиб ўлиб қолмагандим. Тентак экансан сен қиз!
  • Айб менда эмас, ойи. Қайнонам қўймади. “Эрталабдан кечгача бола эмизиб ўтираверсангиз, уй ишларини ким қилади? Бунақада келин олганимдан нима фойда?”, деб кўкрагимни боғлаб қўйди.

Отаси она-боланинг суҳбатини пинҳона тинглаб турган эди. Қизини кузатгач, аёлини ҳазил аралаш юпатди: “Бузоқни сигирдан айирдим, деб ҳафа бўлиб ўтирибсан. Хозирги замонда одам боласи ҳам она сутига тўймаяпти”.

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+