Янгиликлар 1081
Яна тиббиёт ҳодими калтакланди... Бу нима деган гап?
Коронавирус пандемияси сабабли тиббиёт ходимларига нафақат давлат миқёсида, балки жамиятда, ҳар бир фуқаронинг эътибори янада ошди. Аммо, ижтимоий тармоқларда айрим кишилар томонидан тиббиёт ҳодимларига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари акс этган видеоларнинг тарқалаётгани кўнгилни хира қилади.
Жумладан, Шароф Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси ҳамширасининг шу тумандаги “Самарқанд қудуқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан “Нега онамга қарамаяпсан?” дея уриб, тан жароҳати етказилгани фикримизга яна бир мисол.
Калтакланиш оқибатида ҳамшира бош мия чайқалиши ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч бўлимига ётқизилган. Айни пайтда, мазкур ҳолат юзасидан Шароф Рашидов туман ИИБ масъул ходимлари томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Яна бир бор таъкидлаш лозимки, тиббиёт ходимлари ҳамиша беморлар соғлигини яхшилаш учун ҳаракат қилади, ҳар доим инсонларга яхшилик қилишга интилади. Ёрдамга муҳтож беморларга шифо бахш этиш, фавқулодда ҳолатларда инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш учун бор куч ва салоҳиятини бахш этади. Шундай экан, бундай фидойи касб эгаларига, уларнинг ҳалол меҳнатига нисбатан адолатсизлик ва ноҳақликларнинг олдини олиш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратиш муҳим вазифадир.
Барчамиз инсонлар саломатлиги йўлида бетиним хизмат қилаётган тиббиёт ҳодимларининг меҳнатини қадрлашимиз, бу борада қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Маҳмуд ХОЛБОЕВ,
“Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
етакчи мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг