Янгиликлар 1419
Янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва нашр этиш ҳолатлари қай даражада?
Жорий йилнинг 19 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси умумий ўрта таълимнинг “Миллий ўқув дастури”ни амалиётга жорий этиш ишлари билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказига ташриф буюрилиб, соҳада олиб борилаётган ишлар билан танишилди.
Маълумки, бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги томонидан илғор халқаро тажриба асосида “Миллий ўқув дастури”ни тузиш ҳамда мазкур дастур асосида
2021–2022-ўқув йилининг 1 сентябригача 1–2-синф ўқувчилари учун етти тилда янги авлод дарсликларини ҳамда мазкур синфларда дарс берувчи ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, ўқувчининг машқ дафтари ва мультимедиа иловаларини яратиш ва нашр этиш соҳасида самарали ва изчил ишлар олиб борилмоқда.
“Адолат” СДП Сайловолди дастурида таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар сифатининг назоратини олиб бориш “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг 2021 йил иш режасида, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 225-бандида белгиланган умумий ўрта таълимнинг “Миллий ўқув дастури”ни жорий этиш вазифалари ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини олиб бориш белгиланган.
Амалдаги дарсликлар камчиликлари бўйича аҳолидан, ота-оналардан бир қанча таклифлар келиб тушмоқда ва ушбу мавзу ижтимоий тармоқларда ҳам кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Дарҳақиқат, амалдаги айрим дарсликларда бир қатор камчиликлар борлиги кузатилади. Жумладан, дарсликда ўқув дастурининг боб ва мавзулари тўлалигича ўз ифодасини топмаганлиги, дарсликдаги мавзуларнинг ўқув режадаги дарс соатларига номутаносиб эканлиги, дарслик мазмунида миллий ғояларнинг тўлалигича сингдирилмаганлиги, мавзу, савол ва топшириқларнинг кетма-кетлиги ва узвийлигининг таъминланмаганлиги, мавзуларни ёритишда материалларнинг илмий жиҳатдан тўғри берилмаганлиги, ўқув материаллари замонавий ва қизиқарли усулларда баён этилмаганлиги, матн ва иллюстрацияларнинг ўзаро уйғун эмаслиги, дарслик материалларининг амалиёт, теварак-атрофдаги ҳодисалар, воқеалар ва касбга йўналтириш билан боғлиқлигини таъминламаганлиги, дарслик мавзуларини ўзлаштириш учун берилган машқ, топшириқ ва амалий машғулотларни педагогик технологиялар асосида тузилмаганлиги, имловий ва услубий хатоликлар.
Депутатлар, партия фаоллари томонидан ҳудудларда умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган дарсликларни ўрганишда, нафақат дарсликлардаги хатоликлар, балки айрим мактабларда дарсликларнинг етарли эмаслиги, айрим мактаблардаги кутубхоналар ҳам талаб даражасида эмаслиги кўзга ташланди. Жумладан, Андижон вилоятидаги 764 та мактабдан 576 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96%га, Бухоро вилоятининг 9 та туманидаги 347 та мактабдан 345 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 97%га дарсликлар билан таъминланганлиги, шунингдек Қоракўл туманидаги 23, 50-умумий ўрта таълим мактабларида ва Олот туманидаги 4, 35-умумий ўрта таълим мактабларида алоҳида кутубхонанинг йўқлиги, кутубхона ўқитувчилар хонасида жойлашганлиги қайд этилди.
Шунингдек, Жиззах вилоятидаги 550 та мактабдан 426 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96%га дарсликлар билан таъминланганлиги, Самарқанд вилоятидаги
1 255 та мактабдан 1224 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96,8%га дарсликлар билан таъминланганлиги, Сирдарё вилоятидаги 313 та мактабдан 305 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96%га дарсликлар билан таъминланганлиги, Сурхондарё вилоятидаги 919 та мактабдан 813 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96%га дарсликлар билан таъминланганлиги аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Адолат” СДП фракцияси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги расмий хат билан мурожаат қилишган эди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги “Адолат” СДП фракцияси мурожаатини эътибор олиб, амалдаги дарсликдаги камчиликларни бартараф этишга киришди. Бугунги кунда партиянинг таклифлари дарсликларини яратиш ва нашр этиш соҳасида ижобий натижа бермоқда.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказига ташрифи давомида “Миллий ўқув дастури”нинг жорий этилиши ҳолати, ўқув адабиётларнинг яратилиши ҳамда нашр этилиши, “Миллий ўқув дастури”нинг халқаро экспертлар ва амалиётчи ўқитувчилар иштирокида синовдан ўтказилганлиги, улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларнинг инобатга олинганлиги ҳолатларига алоҳида эътибор қаратишди. Шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг “Миллий ўқув дастури” асосида яратилган ўқув адабиётлар билан таъминланганлик ҳолати ҳамда ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланганлиги масалалари ҳам ишчи гуруҳи диққат марказида бўлди.
Шунингдек, Давлат дастурининг 225-бандидан келиб чиқиб янги авлод дарсликларини ўқитувчининг методик қўлланмаси, ўқувчининг машқ дафтари ва мультимедиа иловаси билан бирга комплекс тарзда яратиш ва нашр этиш, ўқувчиларни келгуси ҳаётга тайёрлаш ва уларга ўз билим ва кўникмаларидан амалиётда фойдаланишни ўргатувчи малака талабларини синфлар кесимида ишлаб чиқиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Ташриф давомида соҳа мутасаддилар иштирокида йиғилиш ташкил этилиб соҳани янада ривожларниришда ёшларни мамлакат келажаги дея қараш тамойили доирасида иш олиб бориш зарурлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, соҳани ривожлантиришда зарур қонунчиликни такомиллаштириш ва таклифларни амалиётга жорий этишда депутатлар тайёр эканлиги билдирилиб, доимий ҳамкорликда ишлаш масалаларида келишиб олинди.
“Адолат” СДП
Фикрингизни қолдиринг