Янги давр остонасидамиз

31.08.2020 21:08:22

Ўзбeкистoн дaвлaт мустaқиллигининг 29 йиллигигa бaғишлaнгaн байрам пандемия туфайли гарчи ҳар йилгидек, тантаналар, сайллар шаклида ташкил этилмади. Шундай бўлса-да “Кўксарой қароргоҳида”даги тaнтaнaли йиғилишда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёeвнинг нутқи ҳар бир ватандошимизни қалбига байрам шукуҳи, озодлик қадри, келажакка ишонч руҳиятини тўла сингдира олди. Шахсан ўзимни ҳам кўнглим шукроналик ва қувонч ҳисларига тўлди. Шу кунларга етказганига шукр. Шу кунларни кўрмоқ саодати насиб этганига шукр.

Ахир ҳаяжонланмай бўладими! Биз мутлақо ўзгача, шукуҳли ва буюк тарихий воқеликнинг ҳам шоҳиди, ҳам иштирокчиси бўлиб турибмиз. Беш асрдан кўпроқ давом этган тарқоқлик, хўрлик, мутелик, қарамлик, фақирликдан сўнг ниҳоят ўзбек жаҳон айвонида қаддини тикламоқда, ўзининг бўй-бастини намойиш этмоқда. Ўзбекистон қаддини тикламоқда!

Дарҳақиқат, оққан дарё оқмай қолмас экан. Мустақиллик боис, айниқса кейинги тўрт йилда амалга оширилган фавқулодда кенг кўламли ислоҳотлар сабаб бизнинг ирсиятимизда, қонимиздаги куч-ғайрат, шижоат, салоҳият, қудрат уйғонди ва ўзининг нималарга қодирлигини бутун дунёга намойиш эта бошлади.  Айнан шу боисдан ҳам,  мамлакатимиз етакчисининг сўзлари билан айтганимизда, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Дунё эътироф этган ҳақиқат шуки, она заминимизга Ислом дини кириб келганидан сўнг, маданият, илм-фан бениҳоя равнақ топган IX-XII асрлар илк уйғониш даври ҳисобланади. Сўнгроқ, соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлик қилган XIV-XV асрларда бу жараён такрорланди. Ва-ниҳоят, XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигига келиб жаҳон халқининг улуғвор қудрати жўш урган Янги Ўзбекистонга ҳайратли нигоҳини тикмоқда.  Бу, шубҳасиз, ривожланишнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйган юртнинг халқаро майдондаги чин эътирофидир. 

Бундай натижаларга осонлик билан эришилмади, албатта. Зеро, ҳеч қандай ютуқ, муваффақият ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, таъбир жоиз бўлса, осмондан тушмайди ёки хориждан биров келиб ишларингизни битириб бермайди. Буларнинг ҳаммасига аниқ режа, омилкорлик, ишнинг кўзини билиб астойдил меҳнат қилиш, инсоннинг ўзини, меҳнатини улуғлаш, қaнчaлик oғир  бўлмaсин,  қaнчa мaблaғ вa имкoният тaлaб қилинмaсин бирoнтa фуқaрoмиз ўз ҳoлигa тaшлaб  қўйилмaслиги орқали эришилди.   

Президентимиз фахр ва ғурур билан “Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, деганида бу фахр-ғурурни ҳар бир ўзбекистонлик дил-дилдан туйганига имоним комил.

Ён-атрофга қарайлик. Қанчалик маҳобатли ўзгаришлар, янгиланишлар. Энг муҳими – бундай оламшумул эврилишлар бизнинг онг-шууримизда, юрагимизда кечмоқда. Айнан шу сабабли ҳам биз бугун кечаги халқ эмасмиз. Биз бугун юксак марраларни кўзлаган ва уларни албатта забт этишимизга дилдан ишонадиган халқмиз.

Бунга тўлақонли ҳақлимиз ҳам. Чунки сўнгги йилларда давлат бошқарувида иқтисодиёт ёки саноат учун тикилган маблағ бугун учун таълим, илм-фанга тикилган инвестиция эса эрта ҳамда келажак учун тамойилига тўлиқ амал қилинаётганида кўришимиз мумкин.  Жумладан, сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди. Олий таълимга қамров даражаси деярли ярим баробарга ошди. Ҳар бир ҳудудда  юқори технологиялар асосида дарс беришга ихтисослаштирилган Президент мактаблари ва ижод мактаблари очилмоқда. Таълимнинг барча босқичида нодавлат муассасалар ташкил этилмоқда. Фарзандаларимизни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси сезиларли равишда ортди. Ихтисослаштирилган таянч илмий муассасалар фаолияти қайта тикланди. Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилди. Ҳудудларда “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади. Кўриб турганингиздек, эртамиз, келажак учун қилинаётган ислоҳотларни санаб адоғига етиши қийин. Ўз-ўзидан бу ишлар яқин орада ўз самарасини беради. Яқин орада ҳозирда умид билан қараётган дунё ҳамжамияти хавас билан қарашга ўтади.

Ҳа, биз янги уйғониш даври остонасидамиз. Бу ишонч бизнинг ҳар биримизга битмас-туганмас қувват, қудрат ва куч беради. Халқ бир ёқадан бош чиқариб, астойдил меҳнат қилади. Бундай халқ эса мўъжизалар яратишга қодир. Ана шундай мўъжиза бугун, бизнинг кўз олдимизда, ҳаммамизнинг иштирокимизда яратилмоқда.

Дарҳақиқат, эҳтиёж фарзандлари бўлмиш даҳолар шаклланадиган даврда яшамоқдамиз. Демак, янги уйғониш даври остонасидамиз. Манзил эса яқин.

         Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+