Янги ҳаёт туманида байрам шодиёналари

25.08.2022 20:08:26

Маълумки, Ватанимиз мустақилликка эришгач, халқимизнинг асрлар давомида ушалмаган орзулари ушалди. Ўзбекистон ва ўзбеклар деган ном жаҳонда муносиб ўрин эгаллади.

Ўтган 31 йил. Бу тарих учун қисқа давр бўлиши мумкин. Бироқ, шу қисқа даврда мамлакатимиз эришган ютуқлар салмоғи асрга тенг. Мустақилликнинг дастлабки йиллари билан ҳозирги кунни бир сўз билан таърифлаб бўлмайди.

Айни дамда юртимизда мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида байрам тадбирлари кенг нишонланмоқда.

Ана шундай байрамлардан бири “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши марказий аппарати томонидан пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманида бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, “Азалий қадриятлар қадрланган макон – Ўзбекистон” мавзусида бўлиб ўтган байрам тадбирида туманда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган фаоллар, фахрийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мустақиллигимизнинг ўтган 31 йилида халқимиз босиб ўтган машаққатли ва синовли даврлар, амалга оширилган ишлар кўлами, эришилган ютуқлар, улкан марра ва натижалар бугунги кундаги имконият ва қулайликлар тўғрисида сўз борди.

– Мустақиллик юртимиз хотин-қизлари ҳаётида ҳам кескин бурилишлар ясади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партиянинг “Аёллар қаноти” Республика кенгаши раиси Гулруҳ Агзамова. – Ўз билим ва кўникмалари, истеъдоди, касб-ҳунари орқали эл-юртда қадр топмоқда. Бугунги кунда юртимизда ҳеч бир соҳа йўқки, унда хотин-қизларимиз фаолият юритмаётган бўлса. Аёлларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни сезиларли равишда ортиб бормоқда. Бу эса, албатта давлатимиз томонидан хотин-қизларимизга яратилган шарт-шароитлар, эътибор самараси деб биламан. Бугун Янги ҳаёт туманидаги тадбир кўтаринки руҳда ташкил этилди. Бу каби тадбирлар халқимизнинг асрлар давомида яратган олтин хазинаси, миллий урф-одатларимизни қайта тиклаш ва ёшлар онгига сингдиришга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир давомида туманда истиқомат қилаётган бир гуруҳ фахрий онахонлар томонидан миллий қадриятларимиз бўлмиш, алла, лапар ижро этилди. Таниқли санъаткорлар томонидан Ватани мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+