Янгиликлар 1495
Янги методикалар – таълим сифатини оширишда муҳим қадам
Бугун мамлакатимиз тараққиёти учун интеллектуал етук ва салоҳиятли ёшларни тайёрлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг 5 апрель куни президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Мамлакатимиз раҳбари йиғилишда мактабларда таълими сифати, ўқитувчилар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси пастлигини қаттиқ танқид қилиб ўтди.
Амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотларнинг негизида айнан ёш авлод вакилларининг камолоти кўзланади. Негаки, юртимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи, яқин ва порлоқ келажаги ҳам айнан ёшлардир.
Ўтган давр мобайнида Давлатимиз Раҳбарининг ёшлар манфаати, келажаги, ҳуқуқларини ифода этувчи 55 та Фармон, 117 та қарорлар имзоланганлиги ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва рағбатнинг ёрқин ифодаси, десак ҳеч муболаға бўлмайди.
Айниқса, бугунги кунда Президент мактабларида, ихтисослаштирилган ва хусусий мактабларда дарслар илғор методикалар асосида ўтказилаётганлиги, аммо, қолган мактабларда ўқитиш методикаси эскирганлигини қайд этиб, келгуси 3 йил ичида янги методика асосида таълим беришни барча мактабларда ташкил этиш, бу бўйича мактаб ўқитувчиларини қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланишини эълон қилди.
Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида педагогларни янги методикаларга ўргатувчи Миллий таълим марказлари ташкил этилади. Уларга аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади.
Президентимиз танқид остига олган яна бир муҳим масала, мактаблардаги маънавий муҳит масаласида муаммолар мавжудлиги, уни тубдан яхшилаш бўйича янги концепция ишлаб чиқиш кераклигини вазифаси қилиб қўйди.
Йиғилишда мактабларда фаолият олиб бораётган маънавият тарғиботчиларига талабларини қайта кўриб чиқиш ва бу вазифага маҳалла ва жамоада обрўси юқори инсонларни тайинлаш, намунали ўқувчи ва ота-оналарни рағбатлантириб бориш зарурлиги таъкидланди.
Мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши бир ярим баробар кўпайтирилганлиги, давлат мукофотлари билан тақдирланаётган устозлар сони ошиб бориши, ўқитувчи тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилганлигини ўзи ҳам таълимнинг бу босқичида улкан ижобий ўзгаришларга замин бўлди.
Демак, хулоса қиладиган бўлсак, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.
Фарҳод САИДОВ,
«Адолат» СДП Яккасарой туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг