Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям!

24.06.2022 17:06:13

20 июнь куни  Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда давлатимиз раҳбари ўринли Таъкидланганидек, халқимиз билан маслаҳат қилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотларни бошладик.

Сўнгги йилларда фуқароларимиз томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Хусусан, ўтган йили Президент сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш масаласи кўтарилган эди.

Сайловчиларимизнинг шу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

“Барча фуқароларимиз каби мен ҳам бу муҳим жараёнларни диққат билан кузатиб боряпман. Аҳолимиз, жамоатчилигимиз вакилларининг конституциявий ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашаётгани барчамизни қувонтиради.  Албатта, конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир.  Шу боис, бугун сиз, ҳурматли комиссия аъзолари билан бевосита учрашиб, фикр алмашишни зарур, деб ҳисобладим. Биз Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги ва жуда масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз, - деди давлат раҳбари. 

Юртбошимиз инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари масаласи билан боғлиқ аниқ таклифларини жамоатчилик эътиборига ҳавола этди. “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни илгари сурди. Бу йўналишда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, оиланинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, болаларнинг манфаатлари ва тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, инсон саломатлиги ва экологияни асрашга оид таклифлар билдирилди.         Хулоса қилиб айтганда, биз, Ўзбекистон халқи Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз лозим. Президентимиз ишонч билан таъкидлаганидек, “Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз – бу табиий ва мутлақо тўғри".

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ўтказилган учрашувда кўриб чиқилган ҳар бир йўналишдаги масалалар конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эгалигини яна бир бор исботлади.

 

                                                                                            Бобур Мамиров

         Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+