Янгиликлар 1506
Янги Ўзбекистон манзаралари
Ўтган ҳафтада одатдагидай, мамлакатимиз ижтимоий сиёсий ҳаётида рўй берган воқеалар кўп бўлди. Улардан бири ҳеч шубҳасиз, Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюси бўлди. “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” номли ушбу суҳбат бугунги кунда ҳам кенг жамоатчиликнинг диққат марказида турибди. Ҳамма ерда уни ўқиб-ўрганиш ташкил этилмоқда.
- Биз, “Адолат” СДП фаоллари ҳам мутолаа жараёнида ушбу интервьюда Шавкат Миромоновичнинг жуда кўп воқеа-ҳодисаларга ҳам раҳбар, ҳам шахс сифатидаги нуқтаи назарлари акс этганлигини ҳис қилдик, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев. - У ҳозиргача қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, одамлар орасида юриб, халқнинг дардини ўрганиб, юрт тараққиётини таъминлаш учун нимадар қилиш кераклигини тасаввур эта олган. Шунинг учун давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни эл қалбидаги орзу-армонларнинг ушалганлиги, деб баҳолаш мумкин. Ҳудудларда ва соҳаларда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш учун шу тариқа ҳаракат кетмоқда. “Янги Ўзбекистон”даги суҳбатда ана шу ислоҳотларнинг натижаси ҳақидаги қисқа ва лўнда ҳисобот баён этилган. Айни вақтда интервьюда мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида олдимизда турган энг устувор вазифалар, шу жумладан, жойлардаги муаммо ва камчиликлар, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик каби кенг кўламли масалалар ҳақида ҳам фикр юритилди.
Ўзбекистон Президентининг интервьюси ҳамкор мамлакатларда, халқаро сиёсий, илмий ва ишбилармон доираларда ҳам катта қизиқиш уйғотгани эътиборга лойиқдир. Олинган маълумотларга қараганда, суҳбат матни хорижий тилларга ўгирилиб, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Покистон, Италия, Испания, Ўмон, Қувайт ва бошқа қатор мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.
Суҳбатдаги йўналишлар бўйича Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар ОАВ орқали ўз фикрларини билдирмоқдалар. Бундан ташқари, кўплаб тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.
Бунга "Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" мавзуидаги илмий-амалий конференцияни мисол келтириш мумкин. Тўрақўрғон туманидаги Маданият марказида ўтказилган ушбу анжуман аввалида вилоятда инновацион тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда инновацион технопарк мажмуаси лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Сўнгра Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков "Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" илмий-амалий конференциясида интервьюдан келиб чиқиб вилоятда амалга оширилаётган амалий ишлар натижалари, истиқболда олдимизда турган вазифалар бўйича маъруза қилди. Унда барча жабҳаларда олиб борилаётган амалий ислоҳотларни чуқурлаштириш, кўламини янада кенгайтириш бўйича Президентимиз олдимизга қўйган вазифалар ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди.
Шу кунларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида қўйилган вазифаларни бажариш юзасидан саъй-ҳаракатлар қизғин давом этмоқда. Бу жараёнда “Адолат” СДП аъзолари ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг