Янгиликлар 2218
Янги Ўзбекистон учун яна бир янги қадам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Барчамизга маълумки, пандемия даврида юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” тузилган эди. Шу борада эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Рўйхат асосида меҳр-саховат ишлари олиб борилди, эҳтиёжманд аҳолига моддий ва маънавий ёрдам берилди. Видеоселекторда худди шунингдек ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилиши хусусида фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлиши таъкидланди. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилиши ва бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилиши айтиб ўтилди.
Йиғилишда мўлжалдаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун ёшлар ва аёлларни барқарор молиявий манбалар билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Энг асосий масала ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганишларда маълум бўлишича эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли бўлиб, ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган. Давлатимиз раҳбари маърузасида ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозороида талаб юқори касб-ҳунарга тайёрлашни тизимли йўлга қўйилиши уларни муносиб иш топишга кўмаклашилса, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳал бўлишини айтиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарияти томонидан бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълим марказлари орқали ёшлар ва аёлларни касбий кўникмаларини шакллантириш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлашга “Тикланиш ва тараққиёт жамғаримасидан” 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилиши белгиланди.
Ўз навбатида мазкур йиғилиш тарихий бир воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки бу масалада аёлларимиз дафтарларини ташкил этилиши ва бу борада ҳар бир аёлимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, бирорта аёлимизни чеккада қолмаслиги, ҳар бир туман миқёсида жамғарма ташкил этилиши мўлжалланди. Ҳар бир туман миқёсида махсус аёллар учун жамғарма тузилганлиги ва мана шу жамғармалар орқали дафтарга киритилган муаммоли аёлларимиз масалаларини ҳал этишга эътибор қаратилганлиги жуда ҳам катта ёндашув бўлди. Яна битта янгилик. Аёлларимиз учун махсус жамғарма, яъни ажратилаётган маблағ орқали касбга ўқитишга йўналтирилиши ва шу билан биргаликда маблағнинг ярми ёшларимиз учун имтиёзли кредит бўлаётганлиги ёшларимиз ҳаётида жуда катта аҳамият касб этади.
Шу билан биргаликда мазкур селекторда бизга яна масъулиятли вазифа ҳам юкланди. Ҳар бир хонадонга кириб, оиладаги аёллар билан алоҳида равишда ишлашимиз, муаммосини тубдан ўрганиб ҳал этиш лозимлиги айтилди, муаммоларни жойида ечишимиз зарурлиги таъкидланди. Муаммо ечилса оилага янги ҳаво киради, атроф мусаффолашади. Мазкур селектор бизнинг ҳаётимиз яратувчилари ва келажагини ҳал этувчи селектор бўлганлиги билан аҳамиятлидир.
Шуни фахр билан айта оламанки, мазкур видеоселектордаги мулоҳазалар, қабул қилинган қарорлар Янги Ўзбекистон учун яна бир муҳим қадам бўлди, десам адашмайман.
Бу мураккаб ва айни дамда шарафли вазифалар нафақат мутасадди раҳбарлар зиммасидаги, балки шу эл фарзандиман деган, шу Ватан учун фидойи бўлган юрт кишисининг олдидаги энг улкан вазифалардан биридир.
Шоҳида ХОЛЛИЕВА,
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг