Янгиликлар 2059
Янги Ўзбекистон университети Учинчи Ренессансга пойдевор
Бугун дунё Ўзбекистонни том маънода «Янги Ўзбекистон» деб атаётгани, Президент Ш.Мирзиёев амалга ошираётган сиёсат ва ислоҳатларни тан олаётгани, олқишлаётгани, ҳатто ундан улги олишга интилаётгани одамни хурсанд қилади, албатта.
Бизга ифтихор бахш этадиган энг биринчи сабаб – Ўзбекистонда халқ орзуси рўёбга чиқмоқда. Бугун иқтисодий юксалиш билан бир қаторда илм-фан ва таълим-тарбия тизимини, жумладан, олий таълим тараққиётини янги босқичга кўтаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қисқа муддатда республикамизда олий таълим муассасалари сони қарийб икки баробар ошгани, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, янги олийгоҳлар, хусусан нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари очилаётгани, тизимда ўқишнинг кундузги шакли билан бирга кечки ва сиртқи бўлимлар фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Яна бир қувончли хабар - мамлакатимиз ёшларини юртимизнинг ўзида ўқитиш, ёшлар учун энг замонавий шароитлар яратиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистон университетига асос солинмоқда.
Ушбу университет ҳар томонлама ривожланган янги Ўзбекистон давлати ва жамиятини барпо этишга, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улкан вазифалар юртимизда юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, жаҳон меҳнат бозори, илм-фан ва технологиялар оламида рақобатдош, замонавий билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар кадрлар тайёрлашга хизмат қилади, албатта.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, университетда муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлиши назарда тутилмоқда. Айнан ушбу соҳалар бўйича билимли кадрларни етиштириб чиқиш аслида бугунги куннинг талаби бўлмоқда. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилиши эса ёшларнинг ўзлигидан ажралмаган ҳолда жаҳон тажрибасини, билимини, илмини чуқур эгаллашлари учун замин яратади. Бундан ташқари кредит-модул тизими жорий этилиб, ўқиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Шунингдек, университет давлат олий таълим муассасаси ҳисоб-ланиб, таълим жараёни нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари яқинда университетда қабул ва таълим жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Президентимизнинг шу каби кўрсатмалари ва йўл-йўриғлари ёшларимизга мадад бўлиб, янги университет дунёнинг рейтинги баланд олий ўқув юртлари қаторидан жой олишига ишонамиз.
Нурлыбай ҚАЙПБЕРГЕНОВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг