Янгиликлар 1832
“Янги Ўзбекистон” университети: замонага ҳамнафас
Ўзбекистон ўз келажаги томон яна бир собит қадам ташлади. “Янги Ўзбекистон” Президент университетининг ташкил топаётганлиги сўнгги йилларда таълимга бўлаётган эътиборнинг амалий исботидир.
Эндиликда биз “таълим” деганда албатта сифатли, “ўқитувчи” деганда албатта малакали, “талаб” деганда албатта замонавий ибораларни қўлламоқдамиз. Асосийси, бу каби жаҳон стандартларига мос равишда ёшларимиз ҳам етишиб келмоқда. Демак, талаб бор жойда таклиф ҳам топилади.
Бежизгамас, давлатимиз раҳбари ёшларни юртимизнинг “олтин фонди” деб атайдилар. Айнан улар учун 2021 йилда ОТМларда давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши, хотин-қизлар учун грантлар сони 2 баробарга оширилиб, 2 мингтага етказилиши, аъло ўқиётган эҳтиёжманд қизлар учун стипендиялар таъсис этилиши, давлат кадрлар тайёрлаш бўйича хусусий ОТМларга ҳам буюртма бера бошлаши, 30 та ОТМга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 2019 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар асос қилиб олинди. Концепция мазмуни мамлакатимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини акс эттиради.
Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилди. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Дарҳақиқат, юртбоши “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз” деб ишонч билдирган эдилар.
Бугун катта авлод ўз ваъдасининг устидан чиқди. Иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва билимларини чуқур ўзлаштиришга кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон” университетига асос солинмоқда.
Аҳамиятли томони, мазкур университет давлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилиб, асосий вазифалари – нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш. Бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни шакллантиришдир.
Ушбу мақсадларда, янги университетда таълим жараёни дунёнинг рейтинги баланд олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Хусусан, Кембриж университети қабул имтиҳонларини ўтказади, Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилади.
Университетда 5 та – муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари ташкил этилиб, дарсларни ўзбек ва инглиз тилларидаолиб борилиши назарда тутилмоқда.
Талабалар учун кредит-модул тизими жорий этилиб, ўқиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Мазкур замонавий таълим тизими Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурларида, сиёсий платформасида ўз аксини топган бўлиб, тегишли таклиф-тавсиялар, жумладан, барча ўқишга талабгор ёшларни олий таълимга қамраб олиш мақсадида ОТМ киришда чекловлардан воз кечиш, давлат грантларини кўпайтириш, талабалар учун кредит-модул тизими жорий қилиш, ОТМ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш каби таклифлар ўз вақтида ҳукуматга киритилган эди. Қувонарлиси, мазкур ташаббуслар Ўзбекистон Президенти томонидан қўллаб-қувватланиб, босқичма босқич амалга оширилмоқда.
Зеро, “Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизимига ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Гулруҳ АГЗАМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг