Янгиликлар 939
Янги Ўзбекистон ёшлари
Жорий йилнинг 9 июль санасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгиланган устувор вазифалар юзасидан “Янги Ўзбекистон ёшлари” мавзусида онлайн давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлар ходимлари, партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раислари, 30 июнь Ёшлар кунида Давлатимиз раҳбари томонидан Давлат мукофотлари билан тақдирланган ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, Бугун ёшларнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни беқиёс. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг негизида ҳам айнан ёш авлод вакилларининг камолоти кўзланади. Негаки, юртимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи, яқин ва порлоқ келажаги ҳам айнан ёшлардир.
Ўтган давр мобайнида Президент ёшларнинг манфаати, келажаги, ҳуқуқларини ифода этувчи 55 та Фармон, 117 та қарорга имзо чекишининг ўзиёқ келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбатнинг ёрқин ифодаси, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Ва, айниқса, жорий йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам ёшларга эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Шу аснода ўтган давр мобайнида олий таълим муассасалари сони 127 тага етказилиб, 26 та хорижий университетларнинг филиаллари очилди. Охирги 5 йилда олий ўқув юртларга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 мингтага етказилди.
Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани минглаб оилаларга кутилмаган қувонч ва шодлик олиб кирди.
Бундан буён, ҳар қандай инвестиция лойиҳаси ёшлар муаммоларининг ечимларига йўналтираётганлиги жуда катта аҳамиятга эгадир. Ваҳоланки, ҳар қандай ечилмай қолган ёшлар муаммоси, келажакда нохуш ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Шу нуқтаи назардан, партиямизнинг сайловолди дастурида “Ёшлар муаммоларига инвестиция – келажакка сармоя” ғояси устувор вазифалар сирасига киради.
Ҳар қандай сармоядан самарали натижалар кўзланади ва кутилади, албатта. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрлари биз учун қўлланма ва йўлланма бўла олади: “ёшларга оид сиёсатнинг иккита энг муҳим йўналиши: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлашдир.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда ёшларга бўлган алоҳида эътибор туфайли уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки кенгайиб бормоқда. Партия ҳам уларни катта куч деб билади. Шундай экан, навқирон авлод вакиллари бунга жавобан янада фаол бўлишлари, бор билим ва куч-ғайратларини “Адолат” СДП нуфузини оширишга сафарбар этишлари даркор. Биринчи навбатда сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга эътибор қаратиш лозим. Бу билан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшишлари мумкин. Зеро, бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда.
Давра суҳбати сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгиланган устувор йўналишлар бўйича партия олдида турган вазифалар белгиланиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг