Янгиликлар 3184
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ – КЕЛАЖАК БУНЁДКОРИ!
Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Шу боис, мамлакатимизда ёшлар сиёсатига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.
Алоҳида фахр билан айтамизки, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан тез-тез учрашиб, дилдан суҳбат қуриши яхши анъанага айланди.
Ёшлар кунига бағишланган тантанали байрамда ҳам давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан бевосита учрашиб, жуда муҳим масалаларни гаплашиб олгани, йигит-қизлар ва уларнинг ота-оналари учун манфаатли ташаббусларни илгари сургани барчамизнинг ҳаётимизда тарихий воқеа бўлди.
Президентимиз тантанали тадбирдаги маърузасида халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларга бириктирилади. Шу тариқа иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантирамиз, деди.
Кўряпсизми, давлатимиз раҳбари ёшларга жуда катта ишонч билдиряпти. Нафақат ишонч билдиряпти, балки биз ўзимизни кўрсатишимиз учун барча шароитларни яратиб беряпти.
Шу боис, Президентимизнинг қуйидаги гапини яна бир бор эслаш ўринли. Юртбошимиз ўз маърузасида шундай деди: Бугунги кунда кўпмиллатли халқимиз, Ватанимиз тараққиёти учун, Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида белини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу йўлда улкан орзу-умидлар, катта режалар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз – асосий таянчимиз ва суянчимиздир.
Дарҳақиқат, кейинги беш йилдан буён янги Ўзбекистон ёшлари – бизга бутун дунё ҳавас қиляпти. Бугун бизни ҳоким излаб келади, муаммоларимизни сўрайди, давлат қўлимизга пул беряпти, токи ўз йўлимизни топиб олишимиз, ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз учун.
Бундай муҳитда улғайган ёшлардан умид катта. Шу умид ўзининг нишоналарини бера бошлаганига ҳам бир-неча йил бўлди. Бугун Ўзбекистон ёшлари хоҳ фан олимпиадаларида, хоҳ АКТ соҳасида, қўйингки, қайси йўналишда бўлмасин, дунёдаги тенгдошларидан ўзиб кетмоқда.
Президентимиз Ёшлар кунига бағишланган нутқида ҳар бир вилоят ва туманларда “Чавандозлар мактаби” фаолиятини йўлга қўйиш, уларда қорабайир зотли отларни кўпайтириш масаласини илгари сурди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари жойлардаги спорт мактаблари фаолиятини жонлантириш борасида ҳам аниқ чора-тадбирларни айтди. Энди қишлоқларда спорт тўгаракларини ташкил этаётган мураббийларга инвентар сотиб олиш учун субсидия ажратилади, бўш турган бинолар имтиёзли асосда ижарага берилади. Бундан ташқари, камида 100 нафар ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига эришган мураббийларга бюджетдан ойлик тўлаш тартиби жорий этилади.
Бу мамлакатда спортни оммалаштириш, самарали селекция ишларини йўлга қўйишнинг энг муҳим йўли эканини соҳа вакиллари, мураббийлар жуда яхши билади.
Бундан буён ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг бош мақсади, аввало, ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишга қаратилиши керак, деди давлатимиз раҳбари.
Демак, Ўзбекистонда ишсиз ёшнинг ўзи бўлмайди. Бу ҳам биз учун беқиёс имкониятдир. Бунга ишончимиз комил. Чунки, эндиликда ҳар бир давлат дастурида ёшлар масаласи бирламчи бўлади.
Президентимиз олий ўқув юртига контракт асосида кирган ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандларининг дастлабки йилдаги контракт пулини давлат бюджетидан тўлаб бериш, шунингдек, таълим кредити олиш учун имтиёзларни янада кенгайтириш борасида ҳам аниқ топшириқлар берди.
Бу ҳам биз, Ўзбекистон ёшлари учун ниҳоятда катта имкониятдир. Янги тизим кўплаб оилаларга қувонч ва енгиллик беради. Бундан ёшлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам жуда хурсанд бўлди.
Ўзбекистондаги ёшларга оид давлат сиёсати бугун ўз амалий ифодасини кўрсатмоқда. Бунга ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни олий маълумотли қилиш, касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кўмаклашиш, креатив ғоялар, стартап лойиҳаларни амалга оширишни рағбатлантириш, болаларни соғлом вояга етказиш каби кўплаб йўналишларда гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Ёшлар байрамидаги маърузаси ва унда билдирилган фикрлар, топшириқ ва вазифалар Ўзбекистон ёшлари ҳаётида туб бурилиш ясаб, уларнинг келгуси фаолиятида муҳим дастуриламал бўлади.
Сардор ДАСТИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ёш адолатчилар” қаноти Тошкент вилояти кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг