Янгиликлар 1248
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ: МИЛЛАТ ТАҚДИРИ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ҚЎЛИДА
Бугун ёшларимиз бизларданда нигоҳи ўткир, фикри теран, ташаббускор ва тезкор. Чунки улар ислоҳотлар ичида, меҳр ва эътибор ардоғида, Ўзбекистонда яратилган ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимида вояга етдилар. Дарҳақиқат яқин ўтган давр - ёшларимиз замони бўлди. Ёшлар кўз ўнгида тарихий санага айланган 30-июнь - Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Шу куни мутлақо янгича иш услуби билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил қилинди. Шу билан бирга Ўзбекистон амалиётида бутунлай янги тизим, яъни ёшларнинг турли долзарб муаммоларини ўрганиш билан шуғулланадиган махсус – Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил топди. Давлат бошқаруви соҳасидаги ёш раҳбар кадрларнинг ўрнини белгилаш, уларни тайёрлаш ва турли масъулиятли лавозимларга тайинлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, ёшлар жамиятида “социал лифт” тушунчаси пайдо бўлди. Ёшлар масалалари бўйича идоралараро Кенгаш, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилиб, йигит-қизларнинг ташаббус ва ғоялари тўлақонли қўллаб-қувватланиб келинмоқда.
Кетма-кет ўзгаришлар амалга оширилаётган паллада «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарор қабул қилинди ва шу асосда Концепция тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбарининг “Билимли авлод - буюк келажакнинг кафолатидир” деган қатъий таъкиди, нафақат республика, балки халқаро миқёсда бонг урди. Президентимиз БМТ Бош Ассемблеяси минбаридан туриб, ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни халқаро миқёсда ҳимоялаш, қўллаб-қувватлаш масаласини ўртага ташлади. Бунда Ўзбекистон мисолида амалга оширилган ишлар халқаро даражада эътироф этилди.
Айтиш керакки, ёшлар билан ишлаш тизими Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳамманинг энг асосий ишига айланди.
Куни кеча Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида мактабларда, айниқса ихтисослаштирилган мактабларда таълим ва тарбия сифатини тубдан ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганлиги эса бу борадаги амалий ҳаракатларнинг юксак ифодаси бўлди. Айниқса, келгусида янги ўқув йилидан бошлаб, вилоят марказларидан, катта шаҳар ва туманлардан 2 тадан, туман ва шаҳарлардан 1 тадан ихтисослашган мактаблар Халқ таълими вазирлигидан Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилиши, бунда, туман ва шаҳарлардаги саноат ҳамда қишлоқ хўжалигининг ривожланганлиги, бу ҳудудларда азалдан кучли ўқитилган фанлардан келиб чиқиб, мактаблар ихтисослашиши режалаштирилгани барчамиз учун қувонарли янгилик бўлди.
Албатта, бу ислоҳотлар - келажакда ҳозирги замон талабларига монанд, кучли салоҳиятга эга, мантиқий фикрлайдиган, миллат тақдирини ишонч билан топшириш мумкин бўлган фидоий ёшларни тайёрлашга замин яратади.
Бугун мамлакат аҳли билан бир мушт бўлиб Учинчи Ренессанс сари қадам ташлар эканмиз, миллатнинг фидойиларини, янгидан янги темурийзодалару, бобурийларни, бўлажак Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоийларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни, таълим-тарбия учун мустаҳкам қўрғонни, метиндек ҳимоя қиладиган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни каби қалқон қонунларни яратишимиз керак. Бу йўлда биз дастак қилган “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя ёшларимизни ҳам пок мақсадлар сари етаклайди.
Шерзод КАРИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг