Янгиликлар 1923
“Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш – устувор вазифа”
Жорий йилнинг 18 март санасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси ва партия “Аёллар қаноти” Республика Кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш – устувор вазифа” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиш, оналик ва болаликни ҳимоялаш ва бошқа қатор масалаларда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Маърузаларда мутахассислар томонидан Ўзбекистонда гендер тенглиги ва унинг ҳуқуқий асослари, хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилиши тартиби бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, аёлларнинг зўравонликка учраши сабаблари психологик жиҳатдан таҳлил этилди.
Давра суҳбатида партиянинг “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳасининг мазмун-моҳияти билан ҳам таништирилди. Лойиҳа бошланганидан бери олиб борилган ишлар, эришилган натижалардан мисоллар келтирилди. Партия ўз дастурида эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайдиган жамият тарафдори эканлиги ва шу мақсадда аёлларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлар учун интилишини қўллаб-қувватлаши алоҳида қайд этилган. Айниқса, устувор вазифалар сифатида мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, уларнинг давлат органларини барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш белгиланган.
Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан институционал тизими бу вакиллик ҳокимиятидир. Вакиллик ҳокимиятининг барча даражадаги депутатлари вазифаси иқтисодий ўсишни инсон тараққиёти билан боғлаш, уларнинг узвийлигини таъминлашдан иборат. Мамлакатимизнинг 49 фоизини хотин-қизлар, уларнинг қарийб 64 фоизини 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ташкил этар экан, албатта бу йўналишда алоҳида давлат сиёсати олиб боришга тўғри келмоқда. Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, аёллар ҳуқуқий маданиятини ошириш каби йўналишларда қатор амалий ишлар олиб борилди. Айниқса, гендер тенгликка эришиш мақсадида қабул қилинган қонунлар соҳада мавжуд айрим муаммоларнинг ечимини таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги устувор йўналишларда гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирилиши келтирилиб ўтилди. Президентимиз ушбу нутқида хотин-қизларимиз нафақат мамлакатимиз доирасида фаоллик кўрсатиш балки, дунё ҳамжамиятида ҳам яъни Марказий Осиё мамлакатлари хотин-қизларини бир мақсад сари бирлаштурувчи ташаббус билан чиққани юртимиздаги фаол хотин-қизларимизга ғурур бағишлади.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан “Адолат” СДП Аёллар қаноти фаолиятини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлиги, Аёллар қаноти Кенгаши таркибини фидойи, фаол аёллар билан тўлдириш лозимлиги таъкидланди. Мазкур масала Ўзбекистон “Адолат” СДП ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракциясининг доимий диққат эътиборида бўлиши нуқтаи назаридан янги вазифалар белгиланди.
"Адолат" СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг