Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари

12.07.2021 18:07:37

Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар натижасида тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйилди. Шу йилларда барча соҳаларда бўлгани каби ёшларга оид давлат сиёсатида ҳам тарихий ва оламшумул ўзгаришлар амалга оширилди. Буларнинг асоси сифатида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурининг энг биринчи ва устувор йўналиши ёшлар масаласи этиб белгиланганлигини таъкидлаш жоиз.

Хусусан, Президентимизнинг ўз вазифаларига киришган вақтдаги имзолаган илк ҳужжатларидан бири – бу 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни бўлган эди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда 30 июнь – «Ёшлар куни» деб эълон қилинди.

Жорий йилга ҳам «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб ном берилишининг ўзи ҳам Ўзбекистонда ёшларга давлат Раҳбари томонидан берилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликнинг юксаклигидан дарак беради.

2017-2021 йилларда ёшларга оид давлат сиёсатида янги йўналишлар, тартиблар ва имкониятлар яратилди. Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини қуйидаги ўзига хос жиҳатлари билан қайд этиш ўринли:

Биринчи, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди. Хусусан, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилди.

Концепцияда белгиланган устувор вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида 62 та банддан иборат бўлган Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Бугунги кунда Йўл харитасидаги бандларнинг ижроси масъул ижрочилар томонидан самарали бажарилиб келинмоқда.

Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, фақат ўз ёрқин келажагидан қайғурган давлатлардагина ёшларга оид давлат сиёсатида истиқболдаги режалар бўйича аниқ стратегия ва дастурларнинг ишлаб чиқилганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, АҚШда «Ёшлар учун келажак: Федерал ҳамкорлик ёшлар стратегияси», Финляндияда «Ёшлар миллий стратегияси», Германияда 2015 йилда қабул қилинган «Янги ёшлар стратегияси», Полшада «2003-2012 йилларга мўлжалланган Миллий ёшлар стратегияси», Чехия Республикасида «2014-2020 йилларга мўлжалланган Ёшлар стратегияси» шулар жумласидандир.

Иккинчи, ёшларга оид миллий қонунчилик замон талаблари асосида такомиллаштирилди, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди

2017 – 2020 йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг самарадорлигини таъминлаш ва ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 50 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги, «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги, «Инновацион фаолият тўғрисида»ги каби қонунларда ёшларнинг ҳуқуқларига доир кўплаб янги нормалар белгиланди.

Учинчи, ёшлар сиёсатида ёшлар билан тизимли ишлаш бўйича янги ўзига хос тартиб ва механизмлар жорий этилди.

Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан  ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи давлат ташкилоти бўлган Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Бугунги кунда агентлик чин маънода ёшларнинг манфаатларини ифодалаб келмоқда. Ёшларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида «Ёшлар дафтари» тизими жорий этилди. Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган «Бешта муҳим ташаббус» лойиҳаси ишга туширилди. Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси ташкил этилди ва ўтган йиллар давомида жамғарма ҳисобидан катта лойиҳалар амалга оширилди. Ёшларнинг саноат ва тадбиркорлик соҳаларидаги ташаббусларини амалга ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари» ташкил этилмоқда. Ёшларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш мақсадида ҳудудларда Ёшлар технопарклари ташкил этилди. Жорий йилда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Навоий, Сирдарё, Тошкент вилоятларида Ёшлар технопаркларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Тўртинчи, ёшлар тарбияси ва ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган таълим тизимида улкан ўзгаришлар амалга оширилди.

Сўнгги тўрт йилда юртимизда 44 та янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, уларнинг сони 50 фоизга оширилди, ёшларни олий таълим муассасаларига қамрови 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Жумладан, Янги Ўзбекистон университети, 4 та Президент мактаблари, 5 та «Темурбеклар мактаби» ва 9 та ижод мактаблари барпо этилди.

Бешинчи, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилди.

Қисқа муддатда амалга оширилган оқилона сиёсатнинг натижаси ўлароқ, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг 23 фоизини, шундан якка тартибдаги тадбиркорларнинг 21,5 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Улар юртимиз иқтисодий салоҳиятининг юксалиши ва халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилишмоқда.

Олтинчи, ёшларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб иқтисодий лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, бугунги кунда:

ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида

2021 – 2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастури амалга оширилмоқда;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этилмоқда;

тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз ёшларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиб келинмоқда.

 

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосари,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+